Ҳамюртларимиз Францияга мавсумий иш учун жалб қилинади
Францияда ўзбек меҳнат мигрантлари учун янги имкониятлар очилмоқда. Биринчи босқичда 50 нафар ҳамюртимиз узумзорларда мавсумий ишлаш учун юборилиши режалаштирилган.
Мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси соҳасини ислоҳ қилиш, миграция географиясини кенгайтириш, фуқароларимиз учун қулай ва сифатли иш ўринлари таклиф қилиш борасида мислсиз ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кўплаб янги давлатлар билан меҳнат шартномаси имзоланиб, қатор келишувларга эришилмоқда.
Меҳнат мигрантларимиз учун Францияда қонуний ишлаш имконини яратишга қаратилган навбатдаги ташаббус ҳам фикримиз тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси масъулларидан иборат делегация фаранг юртида ҳамюртларимизни қонуний ва тизимли равишда ишга жойлаштириш бўйича муҳим учрашувлар ўтказди.

Франция Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари федерацияси (FNSEA) билан узумзорлардаги мавсумий ишга ҳамюртларимизни жалб қилиш бўйича келишувга эришилди.
Жорий йил ёзидан бошлаб синов лойиҳа доирасида Европанинг ушбу давлатида ишлаш истагини билдирган дастлабки 50 нафар номзод Францияга юборилади.
Кадр танлаш ва бандликни таъминлашга ихтисослашган ташкилот – “Sélect Recruiting Service” билан номзодларни саралаш ва ишга жойлаштириш бўйича битим имзоланди.
Таълим ва иш интеграцияси лойиҳаси доирасида “CFA AC Paris” компанияси билан “таълим+иш” форматида ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида келгусида Францияда ресторан соҳасида ўқиш ва ишлаш имкониятини яратиш дастури ишлаб чиқилади.
Мулоқот давомида келишувларни амалга ошириш ва ташкилий-ҳуқуқий масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Франция Республикаси Ташқи ишлар, Ички ишлар, Таълим вазирликлари мутасаддилари, “France Travail” давлат бандлик хизмати, “CCI Île-de-France” – Савдо-саноат палатаси, AP-HP Париж давлат шифохоналари хизмати билан самарали музокаралар ўтказилди.
Гўзал Сатторова, ЎзА