Ҳамюртимиз халқаро турнирнинг энг яхши ҳаками
Украина пойтахти Киев шаҳрида кикбоксинг бўйича ўтказилган "Vizard pro kyiv-2021" халқаро турнирида бир неча бор Ўзбекистон номи янгради.
Арманистон, Беларусь, Грузия, Туркия, Польша, Исроил, Тожикистон, Молдова, Греция ва Украина давлатларининг 550 нафарга яқин спортчилари қатнашган мусобақа баҳсларини бошқа ҳакамлар сафида ҳамюртимиз Темур Муҳаммаджонов бошқариб борди.
- 3 кунлик мусобақанинг 50 га яқин саралаш ҳамда 15 дан ортиқ финал жангларини Темур Муҳаммаджонов рингда назорат қилиб борди. Айни шу боисдан турнир бошловчиси ва теле шарҳловчилар “баҳсни ўзбекистонлик тажрибали ҳакам, WAKO олтин картаси соҳиби Темур Муҳаммаджонов бошқармоқда”, дея таъкидлади. Бу, мамлакатимиз номи мусобақа жараёнида такрор-такрор жаранглашига, минг-минглаб томошабинларга, мусобақа иштирокчиларига эслатиб турилишига олиб келди, - дейди Ўзбекистон "Мега спорт" хаваскор ва профессионаллар ассоциация раҳбари Даврон Қодиров.
Халқаро турнир якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Украина вакиллари биринчи ўринни эгаллаган бўлса, озарбайжонликлар иккинчи, беларуслик кикбоксингчилар учинчи ўрин соҳиби бўлди. Аҳамиятли жиҳати, Халқаро кикбоксинг федерацияси (WAKO) ҳамда мусобақа ташкилий қўмитаси томонидан Темур Муҳаммаджонов "Vizard pro kyiv-2021" халқаро турнирининг энг яхши ҳаками, дея эълон қилинди ва махсус сертификат билан тақдирланди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА