Ҳамюртимиз WBC Олий кенгаши аъзоси бўлди
Шу кунларда пойтахтимизда Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC)нинг 61-конвенцияси ўтказилмоқда.
Ўзбекистон учун мазкур конвенциянинг ўзига хос аҳамиятли жиҳати, мамлакатимиз спортининг яна бир вакили халқаро спорт ташкилотининг раҳбарлик органидан ўрин эгаллади.
Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC) ташкилий қўмитаси қарори билан бир неча йиллар Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси президенти вазифасида фаолият кўрсатган, айни пайтда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари бўлган ҳамюртимиз Ғофур Раҳимов WBC Олий кенгаши аъзоси этиб тайинланди.

WBC ташкилотининг йиллик 61-конвенцияси доирасида ўтказилган ҳакамлар семинарида 50 дан зиёд давлатнинг 150 нафарга яқин реферилари қаторида 18 нафар ўзбекистонлик ҳакамлар ҳам ўз тажрибаларини оширмоқда.

–Жаҳон профессионал боксининг энг номдорларини жамлаган, Тайсон каби ўнлаб жаҳон чемпионларини дунёга танитган WBC ташкилотининг йиллик анжумани юртимизда ташкил этилаётгани Ўзбекистон бокс ҳаётида унутилмас воқеалик бўлди албатта. Ушбу тадбирда юздан зиёд давлатдан 500 нафардан ортиқ бокс мутахассислари иштирок этаётганининг ўзи Ўзбекистон катта спорт мамлакатларидан бирига айланганидан далолат. Бундай бокс анжуманлари ва унинг тизимида ўтадиган семинарлар, ўқув-машғулотлар сабабли мураббийларимизда, ҳакамларимизда халқаро тажриба ошади, — дейди бокс бўйича халқаро тоифадаги рефери Рустам Мажидов.

Бугун, 15 ноябрь куни анжуман доирасидаги таълим, допинг, ҳакамлик, халқаро муносабатлар, бокс қоидалари, рейтинглар, чемпионлик камарлари, хайрия ва жамоат ташаббусларига бағишланган очиқ ва ёпиқ тарздаги йиғилишлар, учрашувлар, машғулотлар давом этади.

Кун давомида шунингдек, WBC президенти Маурисио Сулейман иштирокида 17 ноябрь кун ўтадиган катта профессионал бокс оқшомига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтади.

Кун тартибига биноан эртага конвенцияда қатнашиш учун мамлакатимизга келган хорижий давлат вакиллари, таниқли боксчиларнинг қадим ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига сафари уюштирилади Шунингдек, жаҳон профессионал бокс юлдузлари мамлакатимизда ёш боксчиларга ўз маҳорат сабоқларини улашиши режалаштирилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА