Ҳамкорликнинг мустаҳкам асоси
ШҲТнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган XXII саммитига ташриф буюрган бир қатор дунё етакчилари томонидан айтиб ўтилган ўринли фикр-мулоҳазалар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Жумладан, минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларини йўлга қўйиш, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, “яшил” ва экспресс йўлакларни ташкил этиш, иқтисодий барқарорликка эришиш учун минтақавий ҳамкорликнинг ишончли моделларидан фойдаланиш каби масалалар ҳам батафсил муҳокама этилгани айни муддао бўлди.
Дарҳақиқат, самимий йиғилишда Президентимиз алоҳида таъкидланганидек, маданий-гуманитар алоқалар анъанавий равишда ҳамкорликнинг мустаҳкам асосидир.
Самарқанд саммити стратегик ҳамкорлик анжумани сифатида бутун дунё ҳамжамияти диққат марказида эканлиги билан аҳамиятлидир. Қатор давлатларнинг экспертлари мана бир неча кундирки, саммит якунида имзоланган қарорлар ва бошқа расмий ҳужжатларни ижобий воқелик эканлигини мамнуният билан эътироф этмоқда.
Сайёрамизнинг энг қадимий шаҳарларидан бири – Самарқандда ўтказилган ШҲТнинг XXII саммитида Президентимиз ушбу гўзал ва маданий жиҳатдан бетакрор шаҳарга ўз муносабатини билдириб, “Самарқанд – биз ШҲТни тузишда асос қилиб олган бағрикенглик ва турли халқларнинг анъана ва қадриятларига ҳурмат тамойиллари асрлар давомида ҳаётга татбиқ этилган жонли намунадир” деб айтган сўзларида бир олам маъно мужассам.
Эътиборлиси, давлатимиз раҳбари, бу гал ҳам Афғонистон масаласига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратди. Президентимиз томонидан илгари сурилган бир қатор ташаббус ва таклифлар орасида ушбу долзарб масала билан боғлиқ, яъни Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида у ердаги мавжуд транспорт - логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда биргаликда таъсис этиш таклифининг билдирилганлиги ушбу минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш имконини беради.
Ойбек Ҳамроев,
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши котибияти бош мутахассиси,
ЎзА.