Ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари
Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов Исроилнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустигни қабул қилди. Қабулда вилоят ҳокими элчини Бухорога ташрифи билан самимий қутлади ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, чет эллик сармоядорларга яратилган имкониятлар билан таништирди.
Шунингдек, мамлакатимизда Исроил давлати билан ҳам тенгликка ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганлиги, илм-фан, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳасида ўзаро алоқаларнинг ривож топиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Жаноб элчи савдо-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида тўхталди. Самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Учрашувда савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни жадаллаштириш имкониятлари муҳокама қилинди. Шу билан бирга инвестиция, инновациялар, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида Гидеон Лустиг “Мергантекс”, “Бухоро агрокластер” пахта-тўқимачилик кластерларининг ишлаб чиқариш лойиҳалари, Бухоро давлат университети фаолияти билан ҳам танишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири