Ҳамкорликда йирик кон ишга туширилди
Тошкент вилоятида Хитойнинг фаолият юритаётган корхоналар сони яна биттага кўпайди. Хусусан, Паркент туманида хитойлик инвесторлар томонидан йирик лойиҳа амалга оширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган очилиш маросимида вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари, ҳамкор ташкилот раҳбарлари, соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи ишга тушиб, яна бир йирик металлургия корхонаси ўз фаолиятини бошлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, унинг катталиги ва қуввати, замонавий технологияси Марказий Осиёда алоҳида ажралиб туради. Бу ерда 400 та янги иш ўринлари яратилaди.


Ҳисоб-китобларга кўра, коннинг аниқланган захираси бой бўлиб, ундан йилига 2,4 миллион тонна руда қазиб олинади. Бундан ташқари, 1 миллион тонна концентрат ишлаб чиқарилади. Икки босқичи тўлиқ амалга татбиқ қилиниши билан ҳудудда ўнлаб сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кичик бизнес субъектлари ташкил этилади. Эътиборлиси, конга соҳадаги энг замонавий техникалар, асбоб-ускуналар ўрнатилмоқда. Бу эса хомашёни тўлиқ қайта ишланишига ёрдам беради.



Маълумот ўрнида, жорий йил Тошкент вилоятида хитойлик инвесторлар билан умумий қиймати 2 миллиард доллардан зиёд 70 га яқин лойиҳалар бўйича келишувларга эришилган. Бу ҳудудий саноатни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини янада ошириш ва аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА.