Ҳамкорликда амалга оширилаётган ташаббуслар эзгу мақсадлар учун хизмат қилмоқда
Навоий вилояти Хатирчи тумани Маданият маҳалласида “Зиёкор” аёллар ва ёшлар маркази томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Инсон қадри учун бунёдкорлик” лойиҳаси доирасида аҳоли фаровонлиги ва турмуш шароитини яхшилашга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини юксалтириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳар бир инсоннинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур имкониятларни яратишга қаратилган. Айниқса, кейинги йилларда маҳалла тизимини такомиллаштириш, аҳоли муаммоларини қуйи бўғиннинг ўзида ҳал этиш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолига хизматларни янада яқинлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Лойиҳа доирасида маҳаллада битта замонавий кўчма сартарошхона ва учта жамоат транспортини кутиш бекатини қуриш кўзда тутилган, – дейди марказ раҳбари Гулҳаё Равшанова. – Бир қарашда оддийдек туюлган ушбу ташаббуслар замирида катта ижтимоий мақсад мужассам. Яъни, хизматларни аҳолига яқинлаштириш, кундалик эҳтиёжларни маҳалланинг ўзида ҳал қилиш, фуқаролар учун қулай ва муносиб яшаш муҳитини яратиш билан бир қаторда, маҳаллада бандликни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Албатта, бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш ва ўз меҳнати орқали даромад топиши учун имконият яратишдан иборат. “Инсон қадри учун бунёдкорлик” лойиҳасида ҳам айнан шу тамойилга устувор аҳамият берилган. Хатирчи тумани Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, маҳалладаги икки нафар ишсиз ёшни сартарошлик касбига ўқитиш ва келгусида ташкил этиладиган сартарошхонада уларнинг доимий бандлигини таъминлаш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, лойиҳанинг самарали ва барқарор амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Маданият “маҳалла еттилиги” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маҳаллалар уюшмасининг Хатирчи туман бўлими билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Мазкур ҳамкорлик лойиҳа доирасида белгиланган вазифаларни ҳамжиҳатликда амалга ошириш, яратиладиган объектлардан самарали фойдаланиш ва уларнинг фаолиятини доимий мониторинг қилиб бориш имконини беради. Энг муҳими, бу жараёнда давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва маҳалла фаолларининг бир мақсад йўлидаги ҳамкорлиги таъминланмоқда.

– Ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий натижаси қабул қилинган қарорлар ёки белгиланган вазифалар билан эмас, балки оддий инсоннинг кундалик ҳаётидаги аниқ ўзгаришлар билан ўлчанади. “Инсон қадри учун бунёдкорлик” лойиҳаси амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маҳалла даражасидаги амалий ифодаси сифатида муҳим аҳамият касб этади. Маҳалламизда ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу ташаббуслар ҳам айнан ана шу эзгу мақсадлар учун хизмат қилмоқда. – дейди Маҳаллалар уюшмасининг Хатирчи туман бўлими бошлиғи Воҳид Рўзимуродов.
А.Бўриев, ЎзА мухбири.