Ҳамкорлик янги имкониятларни тақдим этмоқда
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда катта ташаббуслар ва илғор ташкилий ишлари билан эътиборга сазовор бўлмоқда.
Бугунги олий таълим тизимидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади – таълим жараёнларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг билимини халқаро стандартларга мос равишда янгилаш ва уларни глобал муаммоларни ечишда самарали ишлашга ҳамда ижобий ўзгаришлар яратишга қодир мутахассислар сифатида шакллантиришдан иборат.
Жумладан, халқаро даражадаги таълим стандартларига жавоб берадиган, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга эътибор қаратган ҳолда, хорижий ва қўшни давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга интилмоқда. Бу жараёнда филиалга юқори малакага эга профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш, таълим сифатини ошириш ва ўқув жараёнини замонавий талабларга мослаштиришга катта эътибор қаратилган.

Айниқса, “QS World University Rankings” рейтингида 500 талигига кирадиган Қозоғистон Республикасининг олий ўқув юртлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари муваффақиятли йўлга қўйилган. Ушбу ҳамкорлик доирасида ўқитувчилар алмашинуви амалга оширилиб, олий ўқув юртлар орасида тажриба алмашиш ва ўқув жараёнини яхшилашга қаратилган турли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Қозоғистон миллий аграр тадқиқот университети ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Айгул Исмаилова “Иқтисодиёт ва гуманитар фанлар” кафедраси Бухгалтерия ҳисоби ва аудит йўналишининг 3-босқич талабаларига замонавий иқтисодий ва аудит соҳаларидаги билимларни чуқурлаштиришга қаратилган дарс машғулотларини олиб борди. Мазкур дарслар уларга халқаро даражадаги билимларни ўзлаштириш, замонавий иқтисодий муаммоларни таҳлил қилиш, шунингдек, иқтисодий тизимнинг самарадорлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро ҳамкорлик, ўқув жараёнида талабаларнинг ижодий ва илмий фаолиятини ривожлантириш, уларни замонавий таълим ва инновацион ғоялар билан таништиришга катта ҳисса қўшмоқда. Бу жараён уларга замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш орқали уларни халқаро аренада рақобатбардош мутахассислар сифатида шакллантиришга ёрдам беради.
Айгул Исмаилова ёшларнинг таълимга бўлган интилишини юқори баҳолади. Унинг фикрича, филиал талабалари таълимга қатъий ва масъулият билан ёндашади, уларнинг халқаро миқёсдаги билимларга бўлган қизиқиши ва инновацион ғояларни илгари суришга интилишларини алоҳида эътироф этиш мумкин. Шунингдек, филиал билан самарали ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ўқув жараёнини такомиллаштириш учун барча шароитлар яратилган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири