Ҳамкорлик келгусида ўз натижасини беради
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация АҚШнинг Техас штати Даллас шаҳрида Америка АТ саноатида фаолият юритаётган йирик компаниялар иштирокидаги бизнес форумда иштирок этди.
Музокаралар давомида нафақат АТ хизматлар экспортини кенгайтириш, сунъий интелект технологияларини ижтимоий соҳаларга жорий этиш, саноат ва қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни жорий қилиш, транспорт логистикасини оптималлаштириш каби қатор ташаббуслар кўриб чиқилди.

Форумнинг энг муҳим воқеаларидан бири Veritis Group компанияси билан олиб борилган музокаралар бўлди. Техасдаги илғор рақамли консалтинг марказларидан бири бўлган ушбу компания рақамли трансформация, булутли хизматлар, сунъий интелект, киберхавфсизлик, АТ аутсорсинг хизматлар йўналишларида АҚШда ўз нуфузига эга.
Учрашувда Veritis Group Бухорода BPO – масофавий хизматлар марказларини очиш, рақамли бошқарув ва сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имкониятларни тақдим этди.

Шунингдек, форумда Даллас ва Орландо шаҳарларида замонавий хизматларни йўлга қўйган Berymo компанияси билан ҳам амалий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Компания раҳбарлари Бухорода такси агрегаторлари, интеллектуал транспорт ечимлари, шунингдек, етказиб беришнинг замонавий шаклларини жорий қилиш борасида аниқ таклифлар берди.
Далласдаги форумда 20 дан ортиқ компаниялар билан амалий ҳамкорлик масалалари юзасидан батафсил фикрлашилди. Учрашувда АҚШ компаниялари Бухорода BPO – масофавий хизматлар кўрсатиш марказларини, ўқув лабораториялар ва инновацион майдонлар ташкил қилишга тайёрлигини билдирди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА.