Ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Жанубий Кореянинг "Daegu Haany University" делегациясини қабул қилди.
Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолатига юқори баҳо берилди. Истиқболда "Daegu Haany University" билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
"Daegu Haany University"нинг авлод интеграцияси қўллаб-қувватлаш маркази директори Чанг Кеуннинг қайд этишича, университет Бухоро давлат тиббиёт институтида халқ табобати асосида илмий тадқиқотга асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ўзбекистонлик ёшларни халқ табобатига асосланган фармацевтика соҳасига ўқитиш, Бухорода Қирол Сежонг корейс тили марказини очиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Корея томони Бухоро давлат тиббиёт институти ҳузурида қўшма RD илмий тадқиқот марказини очиш, халқ табобати бўйича қўшма таълим дастурларини ташкил этиш, доривор ўсимликларни етиштиришга мўлжалланган ақлли электрон ферма(Е-farm) қуриш, бунда ўсимлик дори-дармонлари, косметика ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни мўлжалламоқда.

Учрашувда Бухоро давлат тиббиёт институти билан билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқалари кенгайгани, келажакда бу борадаги ишлар ривожланишидан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги алоҳида таъкидланди.
Вилоят раҳбари кореяликлар билан суҳбат давомида таклифлар ва амалга оширилиши режлаштирилган лойиҳаларни тўлалигича қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шундан келиб чиқиб, белгиланган ишларни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси" ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Маълумот учун: Жанубий Кореянинг “Daegu Haany University” (DHU) халқ табобати йўналиши бўйича 2, тиббиёт таълими бўйича 35 ва Жанубий Корея университетлари орасида TOP-100 таликка кирувчи олий таълим муассаси ҳисобланади.
Корея халқ табобати, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит, маданият, бизнес ва информация, қишлоқ хўжалик ва дизайн йўналишлари бўйича бир нечта институтларни ўз ичига олган "Daegu Haany University" 1981 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда бу ерда 7 000 нафардан ортиқ талаба таҳсил олади.
Мазкур олий таълим муассасаси билан Бухоро давлат тиббиёт институти ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири