“Халқпарвар” комиссияси: муаммоларнинг янгича ечими
Қашқадарё вилояти Муборак туманида Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров бошчилигида уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантиришга доир устувор вазифаларнинг амалга оширилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда “Халқпарвар” комиссияси фаолиятини ташкил этиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда “Халқпарвар” комиссиялари ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан кенг ҳамкорлик қилади. Жумладан, комиссия фаолияти бўйича ҳар ойда брифинглар ўтказилиб, арзон уй-жой қурилиши соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, имтиёзли кредит ва субсидиялар олиш тартибини соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари комиссия уй-жой қурилиши ва ипотека кредитлари, субсидиялар ажратиш борасидаги қарорлар ижросини амалга оширишда иштирок этадиган вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида доимий равишда (ойда камида бир марта) парламент эшитувларини ўтказиб боради.
Халқ депутатлари туман кенгашлари “Халқпарвар” комиссияларни жалб қилган ҳолда ҳар ойда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, қурилиш ташкилоти раҳбарларининг уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларни аниқлаш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, қурувчи хусусий пудрат ташкилотларини уй-жой қурилиши соҳасига кенг жалб этиш борасида амалга ошираётган ишлари юзасидан ахборотини, ҳар чорак якунида туман ҳокимликлари томонидан ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга доир ҳудудий дастурлар ижроси ва улардаги мақсадли кўрсаткичлар бажарилишини сессияларда муҳокама қилиб боради.

“Халқпарвар” комиссиялари аъзолари аҳоли учун қурилаётган уй-жойларга ер майдонлари ажратиш, қурилиш ишларини сифатли амалга ошириш ва ўз муддатларида тугаллаш, уй-жойга муҳтож фуқаролар рўйхатини шакллантириш, ипотека кредити, субсидия олувчилар ўртасида маблағларни адолатли тақсимлаш борасидаги ишларни жойига чиққан ҳолда ўрганиб боради.
Ўрганиш натижаларига кўра, бажарилмаётган ёки ортда қолаётган тадбирлар бўйича тегишли чораларни кўриш, мутасадди идора ва ташкилотлар ҳисоботларини эшитишга таклиф этиш, зарур ҳолларда, республика даражасида ҳал этилмаётган муаммоларни ҳудуддаги сенатор орқали масъул вазирлик ва идораларга етказади.

Соҳада бюрократия ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг олдини олишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиб, халқ депутатлари туман кенгашига муҳокамага киритади.
Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун яратилаётган имкониятлар, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, ипотека кредитлари, субсидиялар ажратишга доир ҳисоботларни эшитиш бўйича ўтказиладиган сессияларни, жамоатчилик назорати натижаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, бу борада маҳаллий кенгаш депутатларининг муносабатини бериб боради.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА