Халқимизнинг чинакам таянчи ва ҳимоячиси
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ижобий ҳаракат ҳамда изланишлар босқичма-босқич давом этмоқда.
Бунда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Давлатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларда ташкил этилган ички ишлар органлари ўтган йиллар давомида “мураккаб ва шарафли йўл”ни босиб ўтиб, халқимизнинг чинакам таянчи ва ҳимоячиси сифатида шаклланди.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар қаторида сўнгги йилларда ички ишлар соҳасидаги ислоҳотларни олиб қарайдиган бўлсак, давлатимиз раҳбари ўзининг илк Президентлик лавозимига киришган дастлабки кунлардаёқ “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунни имзолагани тарихий воқеа бўлди. Шунингдек, бундан кейин ҳам ички ишлар органлари фаолиятини тубдан яхшилаш, хизмат самарадорлигини ошириш юзасидан қатор фармон ва қарорлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу асосда соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни замонавий турдаги алоқа ва ахборот-коммуникация воситалари билан таъминлаш, қулай иш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, маҳаллаларда профилактика инспекторлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг аҳоли билан доимий мулоқотини йўлга қўйиш ва муаммоларни жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ички ишлар органларида электрон хизматлар кўламини кенгайтириш, ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳамда маълумотлар алмашинувини жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий талабларга жавоб берадиган профессионал кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Соҳада амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар ўз навбатида ички ишлар органларида ўзларига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришда, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда, соҳа ходимларини ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда, шунингдек, машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ўтган қисқа вақт ичида Ички ишлар вазирлигининг янги биноси замонавий кўринишда қуриб битказилгани, Қўнғирот, Беруний ва Чимбой туманларида вазирликнинг минтақавий мувофиқлаштириш марказлари янгидан қурилганлиги, жорий йилнинг ўзида уй-жойга муҳтож бўлган 22 нафар ходимнинг уй-жой билан таъминланганини қайд этиш мумкин. Қолаверса, ҳозирги вақтда ҳар ойда 464 нафар ходимнинг турар жойлари ижара пули тўланаётгани, жорий йилда соҳа ходимларининг 168 нафар фарзанди олий ўқув юртларига имтиёз билан ўқишга кириш бахтига муяссар бўлгани, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун қарийб 11 миллиард сўм маблағ ажратилганлигини келтириб ўтсак бўлади.

Албатта, бундай амалий ишлар Ички ишлар органларининг хизмат салоҳиятини янада ошириш, юклатилган вазифаларни самарали ва сифатли бажариш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кенг жамоатчилик билан биргаликда республика ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир қатор тезкор ва профилактик чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, жорий йил бошида қабул қилинган қарорлар мазмун-моҳияти Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларигача етказилиб, бугунги кунда ўзининг амалий самарасини бермоқда. Мазкур қарорлар талабидан келиб чиқиб, профилактика инспекторларининг фаолиятини аниқ натижа, аҳоли ишончи ва ҳудудда криминоген вазиятни барқарорлаштириш мезонлари асосида ташкил этилган.
Бу борада, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлик кучайтирилиб, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳар бир оила билан манзилли ишлаш, муаммоларни барвақт аниқлаш, ҳудудларни жиноятдан ҳоли маконга айлантириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Энг муҳими, жиноят содир этилгандан сўнг чора кўриш эмас, унинг сабаб ва шарт-шароитларини олдиндан бартараф этишга асосий эътибор қаратилган. Ушбу амалга оширилган ишлар натижаси ўлароқ, ҳозирда Қорақалпоғистондаги мавжуд 452 та маҳалланинг 241 таси “яшил” тоифада. Шунингдек, криминоген вазияти оғир бўлган 27 та маҳалла барқарорлашди.
Маълумки, ахборот-коммуникация технологиялари, сунъий интеллект имкониятларининг жадал ривожланиши туфайли ҳар бир соҳа фаолиятига жадал кириб бормоқда. Албатта, танганинг икки томони бўлганидек, ахборот-коммуникация ривожланиши ўзининг ижобий томонларидан ташқари яна бир хавф турини юзага чиқарганлигига барчамиз гувоҳ бўлиб келмоқдамиз. Бу ҳозирда дунё бўйлаб энг кўп учрайдиган таҳдид кибержиноятчилик ҳисобланади.
Шу жумладан, Қорақалпоғистонда ҳам кибержиноятлар сони кўпайиб, шу йилнинг 9 ойи давомида жами жиноятларнинг 58 фоизини ташкил этди. Бу турдаги жиноятларнинг энг хавфли томони шундаки, уни содир этиш усули тез ўзгариб, янги-янги турлари пайдо бўлиб бормоқда. Шу боисдан кибермаконда содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, ушбу мақсадларга маҳаллий бюджетдан 2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, “Кибертарғибот” ва “Киберлаборатория” марказлари ташкил этилди ҳамда барча зарурий техник воситалар билан таъминланди. Шундан “Киберлаборатория” маркази рақамли далилларни сифатли олиш, йўқолган маълумотларни тиклаш ва бошқа мураккаб вазиятларни ҳал қилишда иш самарадорлигини ошириш учун ишлатилади. “Кибертарғибот” маркази эса фуқароларнинг, шунингдек, давлат органлари ва ташкилот ходимларининг кибермаданиятини юксалтириш ва кибергигиенасини шакллантиришга қаратилган тарғибот материалларини тайёрлайди. Шунингдек, маҳаллий бюджетдан ажратилган 1 миллиард сўм ҳисобидан Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳузурида “OSINT гуруҳи” (Open Source Intelligence) ташкил этилди.
Натижада, жорий йил 9 ойида Қорақалпоғистонда кибержиноятлар билан боғлиқ мурожаатлар сони ўтган йилга таққослаганда сезиларли даражада камайишига эришилди. Шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида, ўтказилган “Хавфсиз ва соғлом юрт”, “Қорадори – 2026”, “Хавфсиз оила”, “Профилактика куни” ва шу каби тезкор-профилактик тадбирлар натижасида олдини олиш мумкин бўлган, оғир тан жароҳати етказиш, фирибгарлик, йўл транспорт ҳодисалари, транспорт воситасини олиб қочиш каби жиноятларнинг камайишига эришилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Президентимизнинг ички ишлар органлари соҳасига қаратаётган эътиборига муносиб ҳолда, келгусида масъулиятли вазифаларни ҳис этган ҳолда янада самарали бажариш, юртимизнинг тинч-осойишта кунларини сақлашга бор куч-ғайратимизни сафарбар этиш асосий мақсадимиз бўлиб қолади.
Б. Торебеков,
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник.
ЎзА