Халқимиз долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда
Президентимизнинг жорий йил 8 май куни парламент аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари билан ўтказган учрашувидаги нутқини барча ўзбекистонликлар қатори, мен ҳам катта қизиқиш ва ҳаяжон билан тингладим.
Давлатимиз раҳбарининг “Референдумда иштирок этган фуқароларимизнинг мутлақ кўпчилиги “Бу – менинг Конституциям”, деб ғурур билан овоз берди. Референдум кейинги йилларда халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши нақадар юксалганини амалда кўрсатди. Ушбу тарихий танлов орқали халқимиз бундан 6 йил олдин бошлаган ислоҳотларимизга катта ишонч билан қараб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди”, деган сўзларини тинглар эканман, юртимиз тарихида, халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутувчи, кўлами билан асрларга таътийдиган бу жараённинг бевосита иштирокчиси бўлишдек бахт насиб қилганидан шукроналик туйдим.
Боиси, эл-юртимиз азму қарори ифодаси бўлган янгиланган Конституциямиз давлатчилигимиз ва иқтисодиётимизни бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани шубҳасиз.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Асосий қонунга киритилган бу илғор янгиликларни амалда жорий этиш осон бўлмайди, кўп жамиятлар бундай ўзгаришларни фақат орзу қилади. Қандай оғир бўлмасин, бу ишларни амалга оширишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда”, дея таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишда Президентимиз, Ўзбекистонда муддатидан аввал президентлик сайлови ўтказилишини эълон қилди ва ушбу қарорини изоҳлаб, “Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда. Иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда. Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда. Тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда сайловлар қонунга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши қайд этилди. Бунда сиёсий партиялар, президентликка номзодлар юртимиз тинчлиги ва унинг равнақига, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишига ишонч билдирилди.
Мен – ЎзЛиДеП фаоли сифатида Президентимизнинг бу қарорини тўла қўллаб-қувватлайман. 100 мингдан ортиқ жиззахлик маслакдошларимиз, маҳаллий Кенгашлардаги партиямиздан сайланган 143 нафар Халқ депутати номидан ишонч билан таъкидлашим мумкинки, бўлиб ўтган референдумда ўз сиёсий етуклигини намоён қилган халқимиз, бой сиёсий тажрибага эга бўлган партиямиз бўлажак сайловларнинг қонунга мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора ўтиши учун, бор тажриба ва куч-ғайратини аямайди.
Шерзод Маматқулов,
O`zLiDeP Жиззах вилояти
кенгаши аппарат раҳбари
ЎзА