Халқчил ва танти ижодкор ёди
Ўзбекистон халқ шоири, академик Ғафур Ғулом таваллудининг 119 йиллик санаси муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан шоир уй-музейига пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-турнинг ўзига хослиги ва янгилиги шундаки, ҳар куни 10 минг қадам юриш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи Пиёдалар клуби фаоллари саналган ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ёмғир шаррос ёғиб турганига қарамай, Ёзувчилар уюшмаси биносидан Ғафур Ғулом уй-музейи биносига қадар пиёда бордилар. Тадбир иштирокчилари йўл-йўлакай Адиблар хиёбонидаги Ғафур Ғулом ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. Академик шоир ижоди ҳақида батафсил сўз юритдилар.
Жаҳон адабиёти, адабиёт тарихи, тилшунослик бўйича қомусий билимлар соҳиби бўлган Ғафур Ғулом ўз замондошлари хотирасида меҳмондўст, халқчил, самимий, оилапарвар, болажон, ҳам чапани ижодкор сифатида муҳрланиб қолган. Унинг номи, ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ бўлган уй-музейдан бугунги кунда ҳам адабиёт мухлисларининг қадами аримайди.

Бу ерда атоқли шоир 1944 йилдан 1966 йилга қадар яшаб, ижод қилган. Уй-музей икки қисмдан иборат бўлиб, унинг янги биносида Ғафур Ғуломнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қиладиган адабий экспозиция жойлашган. Бу бино шоирнинг 101 йиллиги муносабати билан, яъни 2004 йил 10 май куни тантанали тарзда очилган.
Маълумки, Ғафур Ғулом 1903 йил 10 май куни Тошкентнинг Қўрғонтеги маҳалласида (ҳозирги Шайхонтоҳур тумани Хадра майдони) туғилган. Ғафур Ғулом туғилганида отаси Ғулом Мирзо Ориф ўғли 35 ёшда, онаси Тошбиби Шоюсуф қизи 25 ёшда бўлган. Шоирнинг отаси ўз даврининг етук инсонларидан бўлиб, форс-тожик, рус тилларини пухта эгаллаган. Тошкентдаги думахонанинг маҳаллий бўлимида мирзалик қилган экан.
Ғафур Ғуломининг отаси “Ғулом” ва “Мирзо” тахаллуслари билан ижод қилиб, талайгина шеърлар ёзган. Шоирнинг онаси шеъриятга ихлосманд инсон бўлгани сабабли ёш Ғафурнинг адабиётга меҳри жуда эрта уйғонган. У 9 ёшида отасидан, 12 ёшида эса онасидан етим қолган.
Музейда шоирнинг ўз қўли билан ёзган авлодлар шажараси ҳар қандай ташриф буюрувчининг эътиборини ўзига тортиши табиий. Бу ерда болалиги, яқинлари, билим олиш, ижодининг шаклланиши билан боғлиқ ашёлар, турли фотосуратлар, китоблар, ҳужжатлар, рўзғор буюмлари томошабинлар эътиборга ҳавола этилган. Шунингдек, шоир асарларига ишланган расмлар, плакатларга ҳам музей экспозициясидан кенг ўрин берилган.
Умуман, музейдаги ҳар бир экспонат Ғафур Ғулом шахсияти, у яшаган мураккаб даврнинг муҳити, руҳиятини ташриф буюрувчига осонгина етказа олиши билан аҳамиятлидир. Лекин шу билан бирга музей экспонатларидан ҳам кўра шоирнинг ўзидек дарёдил фарзанди Олмосхон Аҳмедованинг ҳаётий хотиралари, Ғафур Ғулом шахсиятига оид ҳам фарзанд, ҳам шеъриятнинг оддий мухлиси сифатидаги ёдлари музейга келган ҳар бир инсонда қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.

Олмосхон опанинг айтишича, давлат ва жамоат арбоблари, олимлар даврасида бўлган Ғафур Ғулом оддий, одмигина одамлар билан ҳам осон тил топишиб, дўстлашган. Уларга зарур дамларда кўмак қўлини узата олган даражада одамшаванда, сахий, танти инсон бўлган. Унинг хонадонида дунёнинг машҳур адиблари, шоир ва санъаткорлари, олимлари меҳмон бўлиши билан бирга, боғбон, косиб, сотувчи каби оддий одамлар ҳам бу хонадондан иззат ва эътибор топганлари рост. Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг йирик халқаро адабий анжуманининг 500 нафар чоғи иштирокчиларини бир варакайига ўз бағрига олган бу хонадон ташриф буюрувчиларга Ғафур Ғуломнинг нечоғли танти, бағрикенг инсон эканини англатиши табиийдир.
Ғафур Ғуломнинг “Ёдгор”, “Тирилган мурда”, “Шум бола”, “Нетай” каби асарлари, “Қизалоқ”, “Жомаси пок, ўзи нопок бандалар”, “Афанди ўлмайдиган бўлди”, “Ҳасан Кайфий”, “Эшонобод”, “Йигит”, “Бўйдоқ” каби ҳикоялари, кўплаб достон ва шеърлари, жаҳон мумтоз адабиёти намуналаридан таржималари унинг нақадар кенг билим ва тафаккурли, халқчил ижодкор бўлганини англатади.
Адабий пресс-тур жуда мароқли руҳда ўтди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири