Халқаро хотин-қизлар куни тарихини биласизми?
Инсоният тарихида қадим даврлардан буён аёлларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келинган. Чунки, аёллар нафақат ҳаётимиз гултожи, балки эртанги кунимиз давомчилари, келажак авлоднинг яратувчиларидир.
Қадимги Римда "Аёллар куни" деб номланган байрам бўлган. Эътиборли рим эркаклари шу куни аёлларини уй юмушларидан озод этишган, улар истаган нарсани совға қилишган.
ХIX аср ўрталарида асос солинган ҳамда бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида байрам сифатида кенг нишонланаётган “Халқаро хотин-қизлар куни" аёлларга эҳтиром, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси, уларга бўлган ғамхўрлик ва эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Халқаро хотин-қизлар куни тарихи XIX асрнинг охирларига бориб тақалади. Мазкур байрам хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва маиший соҳалардаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида эришилган энг катта натижа сифатида тарих солномаларидан ўрин олган. 1857 йил 8 мартда Нью-Йоркдаги тўқувчилик ва пойабзал корхоналарида ишловчи хотин-қизлар намойишга чиқади. Улар 10 соатлик иш кунини жорий этиш, иш шароитларини яхшилаш, ойлик иш ҳақини кўтариш ва эркаклар билан аёллар ҳуқуқларини тенглаштириш сингари талабларни кўтаришган эди. Ушбу намойиш натижасида хотин-қизларнинг маълум талаблари қондирилади. Шу тариқа, кейинги қатор йиллар давомида 8 март куни намойиш ва акциялар ўтказиладиган бўлди.
1908 йил 8 мартда АҚШлик аёллар сайловда қатнашиш, болалар меҳнатини таъқиқлаш ва бошқа бир қатор талаблар билан бирга февраль ойининг сўнгги якшанбасини "Миллий аёллар куни" деб эълон қилинишини талаб этдилар. Орадан икки йил ўтиб, 1910 йил Дания пойтахти Копенгагенда бўлиб ўтган хотин-қизларнинг II Халқаро конференциясида 8 мартни - Халқаро хотин-қизлар куни, деб эълон қилиш ва ушбу кунни ҳар йили дунё миқёсида байрам қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Жаҳондаги кўплаб мамлакат аёллари қашшоқликка қарши курашиш, тенглик, яхши шароитларда ишлаш, ўзларининг шаъни ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришиш ҳамда тинчлик йўлидаги ташаббусни қўллаб-қувватладилар. 1911 йилга келиб Австрия, Дания, Германия ва Швейцария сингари европа давлатларида 8 март байрам сифатида нишонланди.
Бугунги кунга келиб, 8 март Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро хотин-қизлар куни, деб эълон қилинган. Дунёнинг аксарият мамлакатларида ушбу кун аёллар байрами, қатор давлатларда эса умумхалқ байрами сифатида нишонланади.
Юртимизда муҳтарама опа-сингилларимиз байрами умумхалқ байрами сифатида шарқона урф-одатлар, халқимизнинг миллий қадрият ва анъаналари асосида нишонланади. Байрам муносабати билан хотин-қизларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ
тайёрлади.
ЎзА