Гулистон шаҳридаги Президент мактабининг битирувчи синф ўқувчилари таълим ва тарбия жараёнида олаётган билимларини бойитиш, келгусидаги йўналишларини белгилаш мақсадида халқаро кўламдаги нуфузли тадбирда иштирок этди.
“Education&Travel” лойиҳаси доирасида улар Тошкент шаҳридаги Azimut Grand Hotelда дунё университетларининг энг нуфузли рейтингини эълон қилувчи QS (Quacquarelli Symonds) ташкилоти томонидан уюштирилган кўргазмада қатнашдилар.


Тадбирда дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари — АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Япония, Жанубий Корея, Туркия каби қатор мамлакат университетлари тақдимотлари бўлиб ўтди. Ўқувчилар мазкур олийгоҳларнинг таълим йўналишлари, талабалар учун яратилаётган имкониятлар, қабул жараёнлари, грант ва стипендия дастурлари ҳақида батафсил маълумот олишди. Шу билан бирга, хорижий университетларнинг вакиллари билан мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топиш имкониятига эга бўлдилар.


— Бу каби тадбирлар ўқувчиларимизга таълим йўналишларини янада кенгроқ тушунишга, орзу қилган университетларига киришга ёрдам беради, — дейди Гулистон шаҳридаги Президент мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шоҳиста Намозова. — Мактабимиз бундай имкониятларни доимо қўллаб-қувватлайди ва ўқувчиларимизнинг билим ва истиқболларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратишда давом этади.
Ўқувчиларнинг таъкидлашича, мазкур кўргазма уларда хорижда ўқиш, янги билим ва тажрибаларни қўлга киритиш, илмий салоҳиятни ривожлантиришга бўлган қизиқишларини янада оширди.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири