Халқаро пакт — инсон ҳуқуқларининг муҳим кафолати
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт: 60 йиллик тараққиёт ва замонавий тенденциялар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқларининг умумэътироф этилган тизимида иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар алоҳида ва узвий ўринга эга. Сабаби, шахснинг сиёсий ва фуқаролик эркинликларини таъминлаш унга муносиб ҳаёт даражасини яратиб бермасдан туриб тўлақонли амалга ошмайди.

Бу борада халқаро ҳамжамиятнинг энг муҳим ютуқларидан бири бўлган «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт» (1966 йил) глобал миқёсда инсон қадр-қимматини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллик тараққиёт йўли, унда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашнинг халқаро стандартлари, миллий қонунчиликдаги ўзига хос жиҳатлар ҳамда сўнгги замонавий тенденциялар атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, тадбир иштирокчиларга иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни халқаро ва миллий даражада таъминлаш масалаларини янада чуқурроқ англаш, соҳадаги замонавий ёндашувлар юзасидан фикр алмашиш имконини берди.
Гулноза Бобоева,ЎзА