
Халқаро миграция ташкилоти Ўзбекистоннинг минтақавий ва жаҳон миграция жараёнларига қўшаётган амалий ҳиссасини юқори баҳолади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ ваколатхонаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Элдиёр Тошматов ва Халқаро миграция ташкилоти бош директор ўринбосари Сунга Ли ўртасида бўлиб ўтган учрашувда айтилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Хусусан, меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда миграция сиёсатини шакллантиришда эксперт ва техник ёрдам кўрсатиш каби асосий йўналишлар бўйича алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.
Сунга Ли Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакатимиз хориждаги мигрантларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссасини эътироф этди. Ўзбекистоннинг Миграция бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиш бўйича ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди. Сунга Ли Халқаро миграция ташкилоти ушбу стратегик ҳужжатни тайёрлаш ва ҳаётга татбиқ этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқотда миграция масалаларини Барқарор ривожланиш мақсадлари, айниқса, иқлим ўзгаришига мослашиш йўналишига интеграция қилиш муҳимлиги таъкидланди. Халқаро миграция ташкилоти вакили минтақавий дастур ва ташаббуслар доирасида Ўзбекистонга бу борада зарур кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасида мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни кенгайтиришга интилиши қатъий эканлигини таъкидлади.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА.