Халқаро меҳнат ташкилоти билан чиқиндиларни бошқаришда янги йўналишлар белгиланмоқда
Ўзбекистонда чиқиндиларни самарали бошқариш, атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор тажрибаларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу муносабат билан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов амалий ташриф доирасида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Сектор сиёсати департаментининг қазиб олиш саноати, энергетика ва ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Каспер Эдмондс ҳамда ХМТнинг устувор ҳаракатлар дастури директори доктор Мустафо Камал Гуе билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида чиқиндиларни бошқариш, яшил ва циркуляр иқтисодиёт йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар соҳада янги яшил иш ўринларини яратиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда ёшларни айланма иқтисодиёт соҳасига кенг жалб қилиш бўйича келишувга эришди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш, малакали кадрлар тайёрлаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва чиқиндиларни бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг фикрича, халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши нафақат экологик муаммоларни ҳал этиш, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишига ҳам муҳим ҳисса қўшади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА