
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 20 декабрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида азалий қадриятимиз курашнинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, хорижий мамлакатларда янада кенг тарғиб қилишда мураббий-мутахассисларнинг билим даражаси бирламчи вазифа саналиши белгиланган.
Шу мақсадда ушбу йўналишдаги ишларда самарадорликка эришиш йўлида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, мамлакат кураш федерацияси ва бошқа дахлдор ташкилотлар ҳамкорлигида жойларда ўқув-семинарлар, амалий машғулотлар ўтказиб келинмоқда.

Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан бир гуруҳ мутахассислар иштирокида ўтказилаётган ҳакамлик семинари айни йўналишдаги вазифалар ижросига қаратилгани билан эътиборли.

Шу кунларда юртимизда меҳмон бўлиб турган Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон бошчилигидаги делегация мазкур семинарда қатнашиб, ўзбекистонлик кураш мутахассислари билан суҳбатлашди.
Мулоқот давомида жаҳон спорт майдонларида кураш бўйича ўтаётган чемпионатлар, халқаро турнирлар, мусобақаларнинг техник-тактик жиҳатлари, спортчиларнинг рейтингини белгилаб бориш, мусобақаларда тарози, мандат комиссияси, рўйхатга олиш, қуръа ташлаш тадбирлари каби қатор масалалар муҳокама марказида бўлди.

Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) раҳбарияти Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида бўлажак кураш мураббийларини хорижий тилларга ўргатиш бўйича ўтаётган уч ойлик ўқув- машғулот жараёнларида иштирок этиб, юртимиз талаба-спортчиларининг билим ва интилишларига юқори баҳо берди.

Университет ректори Рашид Маткаримов ва Халқаро кураш ассоциацияси раҳбари Ҳайдар Фармон иштирокида ўтказилган давра суҳбатида курашни янада оммалаштириш истиқболлари, малакали мутахассисларни тайёрлаш, чет эллик кураш мутахассислари учун университетда халқаро ўқув-семинарлари ташкил этиш, келгусида кураш бўйича ўтадиган Ёшлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпионатларини мазкур олийгоҳда ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, курашнинг илмий-методологик базасини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Халқаро кураш институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА