Халқаро кимё олимпиадаси иштирокчиларининг ташрифи давом этмоқда
Жорий йилнинг 3-10 ноябрь кунларида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида Абу Райҳон Беруний номидаги III халқаро кимё олимпиадаси бўлиб ўтади.
Мазкур олимпиадада дунёнинг 32 та мамлакатидан мактаб ўқувчиларининг кимё фанига оид назарий билимлари ва амалий кўникмалари синовдан ўтказилади.

Нукус халқаро аэропортида кимё олимпиадасида иштирок этиш учун ташриф буюрган Туркия, Иордания, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Исроил, Малайзия, Россия, Мўғулистон, Қозоғистон делегациялари ва мамлакатимиз терма жамоаси тантанали равишда кутиб олинди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси раиси Мурат Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Байрам Ўтемуратов, Фан олимпиадалари маркази директори Тўрабой Шерматов иштирок этди.

Тадбирда меҳмонларга самимий тилаклар билдирилиб, барча иштирокчиларга олимпиадада омад ва муваффақиятлар тиланди.
Айни пайтда халқаро олимпиада иштирокчиларини кутиб олиш жараёнлари давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири