Халқаро илмий-амалий конференцияда долзарб масалалар муҳокама қилинди
Навоий давлат педагогика институтида Ўзбек тили ва адабиёти факультети томонидан 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан “Миллий қадриятлар диалектологик атласи – тарихни ўрганишда муҳим манба” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Унда Ўзбекистон - Озарбайжон таълим тизимининг интеграциялашуви, ўзаро ҳамкорлик, таълимдаги тил муаммолари ва уларнинг ечимларига қаратилган илмий қарашлар муҳокама қилинди.

– Дунёда мавжуд тилларнинг ҳар бирининг ҳуқуқий мақоми, тутган ўрни ва қўлланиш доираси бўлиб, ўзбек тили ҳам халқимизнинг кўп асрлик миллий-маданий, маънавий-маърифий ва бадиий-эстетик тафаккурининг инъикоси, илмий салоҳияти маҳсули бўлиб, энг қадимий тиллардан бири сифатида сайқал топиб келмоқда, – дейди Навоий давлат педагогика институти ректори Муҳиддин Калонов. – Маълумки, 1989 йил 21 октябрда она тилимизга давлат тили мақоми берилди ва “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Бу эса миллий эркинлигимиз, мамлакатимиз мустақиллиги учун қўйилган илк қадам эди. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши унинг тараққиётида, маънавий-маданий мерос, умуммиллий бойлик, олий қадрият сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, бошқа тилларнинг ҳам изчил тараққий топишини ҳар томонлама кафолатлади. Жумладан, давлат тилини ўрганиш учун фуқароларга шарт-шароит яратиш, шунингдек, юртимизда яшовчи миллат ҳамда элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш Қонуннинг алоҳида моддасида мустаҳкамлаб қўйилди.


Илмий-амалий конференцияда “Борлигимиз ва бирлигимиз рамзи”, “Диалектология ва ареал лингвистика”, “Тиллар глобаллашуви ва ўзбек тили амалда бўлишининг айрим жиҳатлари”, “Изоҳли луғатларда диалектал лисоний бирликларнинг берилиши ва тавсифланиши”, “Умумлисоний система термини”, “Шомон афсоналарида мифологик ҳомийлар талқини”, “Ареал лингвистиканинг методологик ва методик асослари”, “Ўзбек тилшунослигида “Қадрият” мазмуний майдонининг микросистемалари”, “Миллий қадриятлар диалектологик атласи – тарихни ўрганишда муҳим манба” мавзуларда ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири