Халқаро ҳамкорлик йўлида яна бир қадам
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб мактаб директори Ҳожи-Мурод Исоқов хорижлик меҳмонларга муассаса фаолияти, кейинги йилларда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ соҳасидаги амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш бўйича эришилган натижалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, JICA билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш кейинги фаолиятда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Япон делегацияси раҳбари Тошитада Нихомацу Судьялар олий мактабининг Ўзбекистонда профессионал судьялар жамоасини шакллантириш жараёнида тутган муҳим ўрнини эътироф этди. Меҳмон келгуси режаларга ҳам алоҳида тўхталди. Жумладан, JICA ташаббуси билан 2025 йил февраль-март ойларида Японияда ўтказилиши режалаштирилган семинар-тренингга ушбу муассаса вакилларини ҳам таклиф этиб, анжуман дастурига киритиладиган мавзулар юзасидан таклиф, мулоҳазалар сўради.

Мулоқотда қатнашган Судьялар олий мактаби профессор-ўқитувчилари томонидан кун чиқар юртда ўтказиладиган семинар-тренингда судьялик лавозимига номзодлар тайёрлаш методологияси, хусусан бу борада тўпланган Япония тажрибасига оид мавзу киритилиши бўйича таклиф беришди.
Шунингдек, учрашувда Япония ва Ўзбекистон суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар қиёсий таҳлил қилиниб, ўзаро илғор тажрибани алмашиш учун яқин ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги маъқулланди.
ЎзА