Халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров ўртасида видео-конференц алоқа орқали мулоқот бўлиб ўтди. Унда томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш ва янги йўналишларни белгилаб олиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Хусусан, Тошкент вилоятининг табиий гўзал ҳудудларида замонавий тиббий марказлар ташкил этиш лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда Бўстонлиқ туманида инсон нафас йўлларини соғломлаштиришга ихтисослашган марказнинг биринчи босқичи муваффақиятли ишга туширилди. Ушбу маскан тоза ҳавоси ва қулай шароитлари билан аҳоли эътиборини тортмоқда. Ҳар куни 40-50 нафар фуқаро бу ерда саломатлигини тиклаш имкониятига эга бўлмоқда.


Келгусида бундай марказлар сонини кўпайтириш режалаштирилган. Шунингдек, учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам янги ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, бошқирдистонлик ҳамкорлар билан асаларичиликни ривожлантириш, шифобахш гиёҳлар етиштириш ва фитобарлар тармоғини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Бу лойиҳалар нафақат иқтисодий самара беради, балки аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Бошқирдистон раҳбари Тошкент вилояти вакилларини Санкт-Петербург шаҳрида ўтказиладиган нуфузли бизнес-анжуманига таклиф этди. Ушбу тадбир доирасида қатор истиқболли шартномалар имзоланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Россия Федерацияси ишбилармонлари Ўзбекистонда ташкил этилган “Иннопром” халқаро кўргазмасини юқори баҳолаганликлари қайд этилди.


Мулоқотда саноат соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида урғу берилди. Хусусан, Уфадаги металл конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхона томонидан Бекобод шаҳрида янги замонавий ишлаб чиқариш корхонасини барпо этиш режалари кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳа ҳудудда янги иш ўринлари яратиш ва саноат салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, туризмни ривожлантириш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди.
Вилоят ҳокими ёғочдан коттежлар қуриш, шунингдек, зарур хом ашёни Бошқирдистондан олиб келиш орқали замонавий туристик инфратузилмани шакллантириш муҳимлигини таъкидлади. Бу эса ҳудудга сайёҳлар оқимини янада оширишга замин яратади. Шунингдек, спорт соҳасида ҳам ўзаро тажриба алмашиш, қўшма мусобақалар ўтказиш ва инфратузилмани ривожлантириш борасида ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ишонч ва манфаатларга асосланган ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
А.Мусаев, ЎзА