Халқаро ҳамкорлик – иқтисодий юксалиш таянчи
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар учун қулай муҳит яратиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган. Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан туркий давлатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ва стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилди.
Бугунги кунда Навоий вилояти ва Туркия давлати ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда минтақалараро алоқалар ривожланмоқда. Натижада ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти юксалиб, янги иш ўринлари яратилмоқда ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ошмоқда.
– Айни вақтда вилоятда Туркия давлати инвесторлари иштирокида 35 та хорижий ва қўшма корхона фаолият юритмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари – Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Элбек Ғаффоров. – Жорий йилнинг ўзида Туркия билан ҳамкорликда яна 3 та янги корхона иш бошлади. Ушбу корхоналар саноат, тўқимачилик, кимё, қурилиш материаллари, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш каби муҳим тармоқларда фаолият олиб бормоқда. Эътиборлиси, хорижий инвестициялар нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки замонавий технологияларни жорий этиш, янги иш ўринларини яратиш ва маҳаллий мутахассислар малакасини юксалтириш учун ҳам муҳим замин яратмоқда.
Ана шундай корхоналардан бири “Turkish-lab” масъулияти чекланган жамиятидир. Туркиялик тадбиркор томонидан 2023 йил август ойида ишга туширилган корхонада 26 та иш ўрни яратилган. Айни пайтда корхонада 10 дан ортиқ турдаги тиббий хизмат йўлга қўйилган бўлиб, аҳолига йилига 3 миллиард сўмлик тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида оилавий поликлиникаларда лаборатория текширувлари ўтказилмоқда.

– Ҳозирда тиббиёт муассасамизда 10 нафар шифокор фаолият олиб боради, – дейди МЧЖ масъул ходими Ҳакан Чавуш. – Ҳар ойда Туркия давлатидан мутахассислар олиб келамиз. Шу кунга қадар кардиолог, педиатр, онколог шифокорлар келиб, ўз йўналишларида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди ва маслаҳатларини берди. Хорижий шифокорлар келганда вилоятнинг туман ва шаҳарларига ҳам чиқади. Шифокорларимиз Қизилтепа тумани ва Зарафшон шаҳрида бўлиб, аҳоли вакиллари билан учрашди. Тиббий муассасамиз томонидан Навоий шаҳридаги 4 та оилавий поликлиника, кўп тармоқли поликлиника ва шаҳар шифохонасида лаборатория фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, турли тиббий таҳлиллар ўтказилади.
Корхона ўз фаолиятини янада кенгайтирмоқда. Ҳозирда тўлиқ хорижий сармоя ҳисобидан 40 миллион долларлик 200 ўринли замонавий шифохона қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа ишга туширилгач, яна 50 та янги иш ўрни яратилади.
Мамлакатимизда экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ва миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда вилоятнинг Туркия давлати билан ташқи савдо айланмаси 100 миллион доллардан ошди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан экспорт ҳажми эса 6,9 миллион доллардан 16,8 миллион долларга, яъни 2,4 баробарга кўпайди.
Бугун вилоятимиздан пахта ипи, калий сульфати, поливинилхлорид, металл конструкциялар, водород пероксиди, алюминий профиллари, минерал пахта ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири