Халқаро ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда
Мамлакатимизнинг барча олий таълим даргоҳлари қатори Бухоро муҳандислик-технология институтида ҳам халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кўплаб салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2023 йилда 25 дан зиёд халқаро олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилиш бўйича шартномалар имзоланди.
Ўзбекистон-Туркия II таълим форумида Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Туркиянинг 9 та олий таълим муассасаси ўртасида қўшма фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича ҳамкорлик битими имзоланди. Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Хитойнинг Янгчоу политехника институти ўртасида ҳамкорлик шартномаси бўйича келишувга эришилди. Қувонарлиси, буларнинг барчаси “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятига ҳам ҳамоҳанг кечмоқда. Бунда асосий эътибор “яшил энергетика”ни ривожлантиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
– Юртимизда 2020-2030 йилларда энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича стратегик дастур қабул қилинган, – дейди Бухоро муҳандислик- технология институти Энергоаудит кафедраси мудири Нарзулло Мирзаев. – Дастур бўйича бугунги кунда республикамизда энергия тежамкор технологияларни қўллаш, шунингдек, маҳсулотнинг ҳажми ва унинг сифатига таъсир кўрсатмаган ҳолда, маҳсулотнинг энергия сиғимини камайтириш ва, шунингдек, ҳозирги кунда тезкорлик билан ривожланиб бораётган дунё “яшил энергетика”га ўтаётган даврда республикамизда ҳам “яшил энергетика”ни ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Тараққиёт стратегиясида ҳам кўрсатиб берилган, яъни республикамизда босқичма-босқич энерго блокларни модернизация қилиш, муқобил энергия манбаларни ривожлантириш бўйича асосий вазифалардан келиб чиқиб, вилоятда ҳам, хусусан институтимизда ҳам жами 315 кВга эга бўлган 2 минг метр кв юзада қуёш панеллари ўрнатилган. Натижада улар институтда 60 фоизгача энергия тежаш имкониятини бераяпти. Шу билан бирга Бухоро ҳудудий электр тармоқлари акционерлик жамияти билан шартноиа имзоланган бўлиб, ортиқча электр энергияси давлатга узатилмоқда.

Жорий йилнинг 22-23 январъ кунлари Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон–Хитой таълим форуми ўтказилди. Форумда Ўзбекистон томонидан 37 та, Хитой томонидан 110 та етакчи олий таълим муассасаси ректорлари қатнашди. Форумда Бухоро муҳандислик-технология институти Хитойнинг 6 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик ўрнатди. Хусусан, Лоян Нормал университети билан академик ва илмий алоқалар, ўқув ва тадқиқот, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, тажриба алмашиниш ва икки дипломли таълим дастурлари бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди. Унинг асосида икки муассаса ўртасида бакалаврлар 2+2 ҳамда магистрлар 1+1 қўшма таълим дастури йўлга қўйилади. Ушбу дастур бўйича 2024-2025 ўқув йилларда жами 30 та бакалавр ҳамда 10 та магистрни энергетика йўналиши бўйича ўқитиш ишлари ташкил этилади. Қўшма таълим дастурини амалга ошириш доирасида, ўз ичига Автоматлаштириш, Электротехника, Робототехника ҳамда қайта тикланувчи энергияларни яратиш соҳаларини ўзида мужассамлаштирган факультетни ташкил этиш бўйича келишувга эришилган эди. Ҳозир хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда бу йўналиш ҳам мамлакатимизда фан ва инновацияни бир вақтда ривожлантириш орқали яшил энергетикани ривожлантиришни бош мақсад қилиб олган.

Шунингдек, институтда халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, илғор стандартларни жорий этиш, жумладан ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, олий таълим муассасасида технопарк, акселератор марказларини ташкил этиш ҳамда уларни тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ қилувчи ва прогнозлаштирувчи илмий-амалий муассаса даражасига олиб чиқиш мақсадида профессор ўқитувчилар ва ёшлар томонидан янги инновацион ва стартап ғояларни амалга ошириш кўзда тутилган. Энг муҳим жиҳат, вилоятда иш бошлаётган қуёш ва шамол электростанцияларидаги жараёнларни таҳлил қилиш, шунга муносиб кадрлар тайёрлаш ва ишлаб чиқариш корхоналаридаги ускуналарни маҳаллийлаштириш ҳам бухоролик олимларнинг асосий вазифасига айланган.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, Бухоро муҳандислик -технология институтида таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, модернизация қилиш, илғор таълим технологияларини жорий этишга доир янги чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Бундан ташқари, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”даги устувор йўналишлар ҳам олийгоҳдаги бош мезонга айланган.
[gallery-16042]
Умуман олганда, мамлакатимизда таълимга қаратилаётган эътибор натижасида ёшларнинг илмий салоҳияти тобора юксаляпти. Бу янги илғор технологияларни ўзлаштиришдан ташқари, уларни маҳаллийлаштириш учун ҳам имконят яратмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари