Халқаро гимнастика федерацияси президенти Тошкентга келди
Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимиз 10–12 апрель кунлари бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичига мезбонлик қилади. Унда дунёнинг 40 га яқин давлатидан 162 нафар гимнастикачи иштирок этиши кутилмоқда.
Бугун, 9 апрель куни мазкур нуфузли мусобақа олдидан унинг фахрий меҳмони, Халқаро гимнастика федерацияси президенти Моринари Ватанабе юртимизга ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти тантанали кутиб олди.


Маълумот учун, ушбу жаҳон кубогининг очилиш маросими 10 апрель куни соат 18:20 да бошланади. Шу куни мусобақанинг яккалик машқларида ҳалқа, тўп, булава ва тасма бўйича илк беллашувлар ўтказилса, гуруҳ машқларида "А" ва "B" гуруҳларида 5 та тўп бўйича баҳслар ташкил этилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА