Халқаро эксперт марказ фаолияти билан қизиқди
Тошкент вилояти Янгийўл Томорқачиликни ривожлантириш марказига FAOнинг хавфли кимёвий моддалар билан оқилона ишлаш соҳасида маслаҳатчи, халқаро эксперт Сузанне Керестес ташриф буюриб, марказ фаолияти билан танишди.
Марказда ташкил этилган боғ, кўчатзор, токзор, иссиқхона ва турли хилдаги гулу сабзавотлар етиштирилаётган майдонларни кўздан кечирди. Экин майдонлари четига экилган райҳонлар меҳмон учун янгилик бўлди.
Сўнгра, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши марказий аппарати биносида семинар ташкил этилди. Унда FAOнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси молиявий кўмаги асосида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликлари томонидан юритилаётган “Ўзбекистонда хавфли кимёвий моддалардан оқилона фойдаланиш” лойиҳаси доирасида ишчи гуруҳ билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ушбу қўшма лойиҳа доирасида экологик тозаликни яхшилашга қаратилган хавфли кимёвий моддалар ва улардан келиб чиқадиган чиқиндиларни оқилона бошқариш, йўқ қилиш ҳамда хавфларни камайтириш мақсадида эскирган товар-моддий захираларни тўплаш ва хавфли пестицидларни камайтиришга қаратилган чораларини кўриш масалалари таҳлил қилинди.
Тегишли масала юзасидан мутахассислар ва экспертлар ўртасида ўзаро манфаатли келишувга эришилди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири