Халқаро анжуманда ҳамкорликнинг муҳим масалалари муҳокама этилмоқда
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида “Ўзбекистон – Россия: Евросиё маконида стратегик шериклик” мавзуига бағишланган халқаро конференция иштирокчилари сессия мулоқотларида “Қўшма ривожланиш макони: инвестициялар, саноат ҳамкорлиги ва рақамлаштириш”, “Шимол ва Жанубни боғлаш: транспорт, логистика ва инфратузилма” мавзуларига оид маърузаларни тинглади. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Хусусан, “Қўшма ривожланиш макони: инвестициялар, саноат ҳамкорлиги ва рақамлаштириш” мавзуидаги сессия йиғилишида саноат ҳамкорлиги ва инвестиция фаолиятини ташкил этиш умумий, очиқ ва барқарор иқтисодий маконни барпо этиш устуворлиги асосида қўшма ривожланишнинг энг муҳим масалаларидан бири ҳисобланиши таъкидланди. Россия ва Ўзбекистон кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, инвестицияларни ўзаро қўллаб-қувватлаш бўйича катта салоҳиятга эга бўлиб, иқтисодиёт соҳасида амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини бирга белгилаб келаётгани қайд этилди.
Экспертларнинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия мазкур соҳада сезиларли ютуққа эришди. Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқлаб, инвестиция киритмаларининг ҳажмини оширди.
[gallery-28453]
Мулоқот чоғида инвестицияларни ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш механизмлари, ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш, шунингдек, сунъий интеллект технологиялари асосида хизматлар соҳасини рақамлаштириш ва автоматлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шу йўналишда умумий ривожланиш маконини яратиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, саноат ҳамкорлиги, инвестициялар ва инновацияларни жорий этиш борасида эришилган натижалар таҳлил қилиниб, икки мамлакат компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва янги ўсиш нуқталарини белгилаш масалалари кўриб чиқилди.
Анжуманнинг “Шимол ва Жанубни боғлаш: транспорт, логистика ва инфратузилма” мавзуидаги сессия мулоқотида қайд этилдики, Россия ва Ўзбекистон учун стратегик устувор йўналиш – энг замонавий технологик ечимлар асосида ишлайдиган ривожланган транспорт тизими ва халқаро савдо учун мослашувчан инфратузилмани шакллантиришдан иборат. Бу ҳолат транспорт-логистика тизимлари самарадорлигини ошириб, трансчегаравий коридор яратиш ва улар атрофида савдо, саноат кластерларини шакллантириш, янги ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш каби муҳим йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришни тақозо этади.
Сессия йиғилишида ҳам Марказий Евросиёда нафақат халқаро савдо инфратузилмасини барпо этиш, балки иқтисодий жараёнларни бошқариш ва умумий ривожланиш маконини шакллантириш билан боғлиқ анъанавий ҳамда янги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Халқаро конференциянинг сессия йиғилишлари эртага давом этади.
Холмўмин Маматрайимов,
Жонибек Қўзимуродов (сурат),ЎзА