Халқ ва армия – бир тану бир жон!
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Халқ ва армия – бир тану бир жон!” шиори остида байрам тадбири ва спорт мусобақалари ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вакиллари, ҳарбийлар, университет ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Ш. Қудратхўжаев тадбирни кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда “Халқ ва армия – бир тану бир жон!” тамойили асосида қатор ишлар амалга оширилаётгани, армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланиб бораётганини таъкидлади.
Даставвал ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар садоси остида Миллий гвардия отлиқ аскарлари паради ўтказилди. Талаба-ёшлар ҳамда ҳарбийларнинг кўргазмали ҳарбий чиқишлари, саҳна кўринишлари ҳамда Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижроси барчага байрам кайфиятини улашди.
Тадбир давомида “Талабалар лигаси” доирасидаги спорт мусобақаларининг мини футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси ва шахмат бўйича “Ректор кубоги” ғолиблари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Баҳслар қизғин ва шиддатли тус олди.
[gallery-15507]
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ташкил этилган ҳарбий-техника воситалари кўргазмаси ёшларда ватанпарварлик туйғуларини яна жўш урдириб, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини оширди.
Тадбир якунида талабалар иштирокида Ўзбекистон Аэронафтика федерацияси томонидан самога ҳаво шари учирилди.
Камола Юсупова,
Рустам Назарматов (сурат), ЎзА