Халқ таълими вазири Сўх туманидаги мактабларга борди
Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Фарғона вилоятида бўлиб, мактаблардаги шароитлар, таълим сифати билан танишмоқда. Марғилон шаҳри ва Сўх туманидаги учрашувларда ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди, уларнинг таклиф ва муаммоларини эшитди.
Дастлаб Марғилон шаҳридаги 8-мактабда ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мактабнинг юқори синф ўқувчилари билан фанлар юзасидан савол-жавоблар ўтказилди. Шу билан бирга ўғил-қизларнинг келажакда қайси касбни эгаллаши ҳақида самимиий мулоқот қилди.
– Келажакдаги ҳар қандай орзу ва мақсадга эришишда, ҳаётда ўз ўрнини топишда билимнинг, касбнинг аҳамияти катта, – дейди Халқ таълими вазири. – Шу боис ҳам барча фанларни яхши ўрганиб, астойдил ҳаракат қилиш керак. Биз эса сизларни доимо қўллаб-қувватлаймиз.

Сўнгра мактаб педагогик жамоаси билан суҳбат ташкил этилиб, бугунги кунда таълим соҳасида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги бўйича зарур тавсиялар берилди. Мактаб ўқувчилари учун компьютер синфи тўпламлари, интерактив доска ҳамда проекторлар тақдим этилди. Халқ таълими вазири 1-ИДУМда бўлиб, мактаб шароити ва моддий техника базаси билан танишди. 11-синф ўқувчиларининг дарс жараёнида иштирок этди. Дарсдан сўнг Бахтиёр Саидов, Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев томонидан ўқувчиларни қизиқтирган барча саволларига жавоб берилди. Савол-жавобда фаол қатнашган икки нафар ўқувчига вазир томонидан ноутбук совға қилинди. Шунингдек, халқ таълими бўлими методистлари билан суҳбат ўтказилиб, амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди ва зарур тавсиялар берилди.

Сўх туманидаги мактабларнинг фаолияти билан танишув ҳам таассуротларга бой бўлди. Вазир 21-мактабда ўқувчи ва ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Фаол ўқувчиларга китоблар тўплами ва ноутбуклар совға қилинди. Мактабга вазир томонидан компютер жамланмаси тақдим этилди. Шундан сўнг 19-мактабда бўлиб, муассасада олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди. Ўқувчилар билан суҳбат чоғида уларнинг қизиқишлари, келгусидаги режалари билан қизиқди. Халқ таълими вазири ташаббуси билан А.Авлоний номидаги илмий -тадқиқот институтининг ижтимоий тармоқдаги платформасида тожик тилини ўқитишга йўналтирилган янги саҳифа очиладиган бўлди.
Айни кунларда Офтобру маҳалласида 12 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига янги умумий ўрта таълим мактаби бунёд этилмоқда. Халқ таълими вазири бу ерда бўлиб, қурилиш жараёнини кўздан кечирди.1 ва 2-сонли мактаблардаги муаммо ва камчиликларни ўрганди ва мактаб педагогик жамоаси ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.
М.Сулаймонов, ЎзА