Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Боёвут туманида навбатдаги сайёр қабул ўтказди.
Қабулда туманнинг 20 дан ортиқ маҳалласидан келган фуқаролар иштирок этди. Жами 198 та мурожаат қабул қилинди, шундан 165 таси туман аҳолисига тегишли бўлиб, улар асосан ичимлик суви, ишсизлик, электр таъминоти, нафақа, ер ва мулк, соғлиқни сақлаш соҳасига оид бўлди.
“Асосий мақсадимиз — ҳар бир фуқарони тинглаш, унинг муаммосига бефарқ бўлмасдан, ечимини жойида топиш. Халқ розилиги — фаолиятимизнинг бош мезони бўлиши шарт”, — деди Эркинжон Турдимов.
[gallery-24292]
Қабулда ичимлик суви етказиб берилиши 30–35 йилдан буён муаммоли бўлган маҳаллалар, электр таъминотидаги узилишлар, ёғингарчилик пайтида сув тўпланиши, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз қарияларнинг ижтимоий муҳофазаси, шунингдек ер, солиқ, ишсизлик ва ҳуқуқий масалалар бўйича кўплаб долзарб муаммолар кўтарилди.
Қабул жараёнида вилоят прокуратураси, ички ишлар, солиқ ва адлия органлари раҳбарлари ҳам иштирок этиб, мурожаатларга ечим излашда фаол иштирок этди. Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси томонидан сайёр ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди. Жойида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, аризалар қабул қилиниб, зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди. Бўш иш ўринлари ярмаркаси эса ишсизлар учун амалий имкониятлар эшигини очди.
Ҳар бир мурожаат юзасидан масъуллар бириктирилди ва ижроси қатъий назоратга олинди. Энг муҳими 10 кундан сўнг кўтарилган масалалар бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил ва муҳокама этилиши белгиланди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/ABmVXiwcbNY?si=LLnAQETh23Tn-ugc" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари