Халқ рози бўлса, ишимизда барака бўлади
Акс-садо
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» газетасига берган «Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда» сарлавҳали интервьюсини бутун халқимиз, кенг жамоатчилик вакиллари катта қизиқиш билан ўқиб, унинг мазмун-моҳияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда. Зеро, давлат раҳбари билан бўлган бундай мулоқот, у инсоннинг ўй-фикрлари, хулосалари, журналистга, журналист орқали бутун халқига айтадиганлари ҳаммага қизиқ, барчанинг диққат-эътиборида бўлиши табиий.
Мазкур суҳбатни ўқир эканман, ўтган 5 йил давомидаги Ўзбекистоннинг юзи, ҳаёти, халқимиз ҳаётида юз берган туб ўзгаришлар кўз олдимда гавдаланди. Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келган илк кундан бошлаб, халқни рози қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб, бугунги ҳаётидан мамнун, бахтиёр бўлиб яшаши учун шароит яратишга устувор аҳамият қаратди.
Халқ дардини эшитиш борасидаги сиёсат, йўлга қўйилган янгича, халқпарвар тизим мазкур интервьюда ҳам алоҳида бўртиб кўринади назаримда. “Халқимиз давлат хизматидан рози бўлишга ҳар томонлама ҳақли ва муносибдир. Ана шундай тамойиллар асосига қурилган давлат ҳокимиятигина том маънода халқчил, демократик ҳокимият ҳисобланади. Бундай давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкам ва бақувват бўлади”, дейди Шавкат Мирзиёев суҳбатда.
Дарҳақиқат, халқ рози бўлиб яшаган давлатда файзу барака, тинчлик-осойишталик, хотиржамлик ҳукмрон бўлади. Хотиржамлик, тинчлик бўлган юртда эса ривожланиш бардавом бўлиши ҳаммамизга аён ҳақиқатдир. Шу боис ўтган даврда мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб, халқ дарду ташвиши билан яшаш давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг устувор вазифасига айланди. Бугунги кунда сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча бўғиндаги мансабдор шахслар фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвишларини тингламоқда, уларни ҳал этиш учун зарур чораларни кўраётир. Одамларни ўйлантираётган муаммоларни қоғозда эмас, амалда ҳал қилиш учун жиддий шуғулланмоқда.
Халқпарвар сиёсатни амалга ошириш учун қатор дастурлар, лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани эътиборга молик. Жумладан, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар бугун ҳаётимизда ўз ижобий натижасини бермоқда. Биргина “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2021 йилда барча шаҳар ва туманлардаги жами 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20,8 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётгани қувонарли ҳол. Бугун шаҳар ва қишлоқларнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, янгича чирой очаётганини ўзимиз кўриб, гувоҳи бўлаяпмиз. Бундан эса аҳоли вакиллари мамнун.
Янги Ўзбекистондаги янгиланишлар нафақат мамлакатимиз фуқаролари, балки хорижий экспертлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Бу эса ҳар биримизга ўзгача ғурур бағишлайди.
Давлат раҳбари ўз интервьюсида мамлакатимиз эришаётган ютуқлар билан бирга, камчилик ва муаммоларни ҳам рўй-рост, очиқ-ошкора айтди. Жумладан, халқни рози қилиб яшаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталар экан: “Албатта, биз эски тизимни батамом ўзгартириб, ўз олдимизга қўйган мақсадга тўлиқ эришдик, деб айтишга ҳали эрта. Такрор айтаман, биз ҳар куни изланишдамиз. Бу йўлда дастлабки қадамларни қўймоқдамиз, холос. Лекин “Бу ўзгаришлар – вақтинчалик кампания, ўтади-кетади”, деганлар янглишади. Бу – Президент ва унинг командаси узоқни кўзлаб юритаётган прагматик халқчил сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бири ва уни халқимиз билан биргаликда албатта охиригача олиб борамиз, ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Бугунги кунда биз эришган энг муҳим натижа ҳам аслида шу – демократик ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган тус олди”, дейди Президент.
Шунингдек, айрим раҳбарлар, ҳокимлар, мнсабдор шахсларнинг эл-юрт ўртасида етарли обрў-эътиборга эга эмаслиги, кўпчилик раҳбарлар халқнинг ичига кириб, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшашни қандайдир иккинчи даражали иш, деб ҳисоблаётгани, шунинг учун ҳам улар кўп-кўп масалаларда заиф ва ожиз бўлиб қолаётгани алоҳида таъкидланади суҳбатда. “Аслида халқ билан мулоқот, доимо инсонлар ташвиши ва муаммоларини ўйлаб яшаш ҳар қандай раҳбар учун биринчи ва муқаддас вазифа бўлиши шарт. Раҳбарлик ва бошқарув маданияти, ҳаётий билим ва тажрибалар қаердан бошланади? Халқ билан бевосита мулоқот қилишдан бошланади. Айниқса, қуйи поғонадаги раҳбарлар ўз дунёқарашини ўзгартириб, оддий фуқарога елкадош бўлиб, тадбиркорга дўст бўлиб ишламаса, биз қанчалик кўп куч ва маблағ сарфламайлик, фармон ва қарорлар қабул қилиб, шароит яратмайлик, жойларда ислоҳотларимизнинг олдинга юриши қийин бўлади”.
Дарҳақиқат, давлат раҳбарининг халқ дарди билан безовта бўлиши, қуйи поғонадаги раҳбарлардан тўғри ва ҳаққоний маълумотни, ҳақиқий аҳволни билишни исташи турли кўзбўямачиликларнинг олдини олишда, мавжуд муаммоларни бартараф қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг ушбу интервьюси мамлакатимиз ҳаётининг ўтган беш йили давомида ҳар бир соҳа ва йўналишда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги режалар ҳақидаги самимий ҳисобот, дастурий чиқиш бўлди. Суҳбатни ўқиб, ҳар бир соҳа вакиллари, мутасаддилар, қолаверса, фуқаролар ўз олдидаги вазифаларини белгилаб олиши юрт эртаси учун хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА