Халқ қалбига йўл топган ижод соҳиби эди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли адиб Қамчибек Кенжа таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ва унинг ўн жилдлик сайланма асарлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, жамоатчилик вакиллари, ёш ижодкорлар ҳамда адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Адабий-маърифий тадбирдан кўзланган мақсад адибнинг бой ижодий меросини яна бир бор ёд этиш, миллий адабиётимиз ва маънавий ҳаётимизда тутган ўрнини эътироф этиш, шунингдек, асарларини кенг китобхонлар оммасига етказишдан иборат бўлди.
Хотира кечасини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо олиб борди. Тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчилари Муҳаммад Али ва Абдулла Шер, академик Абдулла Аъзам, филология фанлари доктори Ҳамидулла Болтабоев, адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев, «Шуҳрат» медали соҳиби Абдунаби Бойқўзиев, Андижон вилояти Нуронийлар кенгаши аъзоси Ҳамидулло Халилов ҳамда «Дўстлик» ордени соҳиби Шукур Қурбон адибнинг серқирра ижоди, инсоний фазилатлари ва у билан боғлиқ хотиралар ҳақида сўзладилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилояти бўлими бошлиғи Хуршида Ваҳобжон қизи, олима Қундузхон Ҳусанбоева ва Бобур номидаги халқаро жамоат фонди масъул ходими Фахриддин Носиржонов эса Қамчибек Кенжа шеъриятининг ўзига хос жиҳатлари, бадиий маҳорати ва ижодий изланишларига алоҳида тўхталдилар.
Қамчибек Кенжа ўзбек адабиётида халқона ифода услуби, самимий қалами ва ҳаёт ҳақиқатларини таъсирчан тасвирлай олиши билан ажралиб турадиган ижодкорлардан эди. Унинг асарларида халқ ҳаёти, инсон тақдири, миллий қадриятлар ва маънавий-ахлоқий масалалар кенг ёритилган. Адиб воқеа-ҳодисаларни шунчаки тасвирлаш билан чекланмай, улар орқали инсоннинг ички дунёси, орзу-интилишлари, ўй-кечинмалари ва ҳаётга муносабатини очиб беришга интилган.
Ижодкор асарларининг муҳим хусусиятларидан бири халқчилликдир. У оддий инсонларнинг ҳаёти, қувонч ва ташвишлари, орзу-умидларини табиий ва ишонарли тарзда тасвирлайди. Қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатлари, ўзаро муносабатлари орқали халқимизнинг турмуш тарзи, урф-одатлари ва миллий қадриятлари намоён бўлади. Шу боис адиб асарлари китобхонга яқинлиги, ҳаётийлиги ва самимияти билан эътиборни тортади.

Бадиий услуби равон тил, халқона ифода ва руҳий кечинмаларни нозик ҳис этиш маҳорати билан ажралиб туради. У инсон қалбидаги зиддиятлар, орзу ва интилишлар, виждон ва бурч масалаларини ҳаётий лавҳалар орқали ёритиб, ўқувчини қаҳрамонлар тақдири ҳақида ўйлашга ундайди. Адиб учун инсоннинг маънавий олами, унинг ҳаётдаги ўрни ва жамият олдидаги масъулияти муҳим бадиий масалалардан бири бўлган.
Қамчибек Кенжа ижодий фаолиятини шеъриятдан бошлаган. Унинг илк шеърий тўплами «Соғинч» 1975 йилда, дастлабки ҳикоялар тўплами «Яшил барг» эса 1977 йилда нашр этилган. Кейинчалик «Кўнгил кўчалари» (1979), «Ишқинг тушса» (1981), «Орзумандлар» (1982), «Нотаниш гул» (1986), «Тоғ йўлида бир оқшом» (1987), «Соҳилдаги сув париси» (1993), «Қизил гуллар» (1995), «Соҳибжамол аёл сири» (1996), «Кулгибахш умр» (1997), «Бобурийлардан бири» (2000), «Бахт қуши ёки ушалган орзулар» (2001), «Хамир учидан патир ёхуд кулча ҳикоялар» (2005) каби асарлари китобхонлар эътиборига ҳавола этилди.
Адиб шеърият ва наср билан бир қаторда публицистика, сафарнома ва таржимачилик соҳаларида ҳам самарали ижод қилди. Унинг «Ҳинд сориға», «Буюклар изидан» каби сафарномаларида тарихий мерос, буюк аждодлар ҳаёти ва улар қолдирган маънавий бойликлар ҳақидаги мушоҳадалар ўрин олган. А. С. Пушкин, Г. Ҳайне, Ш. Петёфи, В. Брюсов ва М. Светлов каби шоирлар асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, жаҳон адабиёти намуналарининг китобхонларимизга етиб боришига ҳам ҳисса қўшган.

Адиб ижодида тарихий хотира ва аждодлар меросига ҳурмат алоҳида ўрин тутади. Айниқса, Бобур ва бобурийлар тарихига бағишланган асарларида унинг миллий тарихни чуқур англашга, буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва маънавий меросини кенг тарғиб этишга бўлган интилиши яққол намоён бўлади. «Бобурийлардан бири» романи ва «Жасорат» маърифий-биографик қиссаси ана шу йўналишдаги муҳим асарлар сирасига киради.
Қамчибек Кенжа ижодининг яна бир эътиборли жиҳати – жанрлар ранг-баранглиги. У шеър, ҳикоя, қисса, роман, публицистик мақола ва сафарномалар орқали ҳаётнинг турли қирраларини ёритди. Унинг асарларида инсонпарварлик, ҳалоллик, меҳр-оқибат, ватанпарварлик ва маънавий масъулият каби қадриятлар муҳим ғоявий асос бўлиб хизмат қилади. Бу эса адиб ижодининг нафақат бадиий, балки маърифий аҳамиятини ҳам белгилайди.

Хотира кечасида Қамчибек Кенжанинг қизи Наргиза Жўраева сўзга чиқиб, отасининг хотирасини эъзозлаб, ижодий меросига ҳурмат кўрсатаётган барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирди.
Тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири адибнинг ўн жилдлик сайланма асарлари тақдимоти бўлди. Ушбу нашр ижодкорнинг кўп йиллик меҳнати самараларини бир тўпламда жамлаши, унинг адабий меросини яхлит ҳолда ўрганиш ва кенг китобхонлар оммасига етказиш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Сайланма асарларнинг чоп этилиши Қамчибек Кенжа ижодини янада чуқурроқ тадқиқ этиш, унинг бадиий-эстетик қарашларини ўрганиш ва маънавий меросини келгуси авлодларга етказишга хизмат қилади.

Қамчибек Кенжа қаламига мансуб асарларда халқ ҳаёти, инсон қалби ва миллий қадриятлар ўзаро уйғунликда акс этади. Унинг ижодий мероси китобхонни ҳаёт, инсон қадри, виждон ва маънавий бурч ҳақида мушоҳада юритишга ундаши билан аҳамиятлидир. Адибнинг ўн жилдлик сайланма асарлари нашри эса унинг адабиётимизда қолдирган бой меросини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Н.Усмонова, ЎзА