Халқ қабулхоналари халқчил институтга айланмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда 208 та Президент Халқ қабулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Халқ қабулхоналари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда уларга энг яқин, халқчил демократик институт ҳисобланади. Шу боис ҳар бир жисмоний ва юридик шахснинг мурожаати мазкур ташкилот томонидан ҳар томонлама чуқур таҳлил этилган ҳолда ўрганиб чиқилади.
Буни биз Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги Халқ қабулхонаси фаолияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги Халқ қабулхонаси масъул ходими Бахтиёр Миробидов бу ерда амалга оширилаётган ишлар ҳақида бизга қуйидагиларни гапириб берди.
–Қабулхонамизга жорий йилнинг шу кунига қадар 385 нафардан ортиқ фуқародан 400 га яқин масала юзасидан мурожаатлар келиб тушган, –деди Б.Миробидов. – Кўриб чиқилган мурожаатлар асосан ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал этилган, айрим мурожаатларга тегишли тушунтириш берилган. Қаноатлантирилган мурожаатларнинг аксарияти моддий ёрдам ва ижтимоий ҳимояга мухтож фуқаролардан келиб тушган.
Шайхонтоҳур тумани “Янги Белтепа” МФЙ ҳудудида яшовчи Гулнора Сапаева ойлавий шароити оғирлигини, моддий жиҳатдан қийналиб қолганлигини, моддий ёрдамга муҳтожлигини билдириб, йиғилиб қолган коммунал қарздорликларини сўндириш масаласи ва фарзандига дори-дармон учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Халқ қабулхонаси масъуллари туман бош имом -хатиби билан биргаликда масалани жойига чиқиб ўрганиб, фуқарога мавжуд коммунал қарздорликларни сўндириш учун 1,5 миллион сўм, фарзандига дори-дармон учун 1 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
“Янги Белтепа” МФЙ ҳудудида яшовчи яна бир фуқаро Гулбаҳор Алиева 7 ойлик чақалоғининг бошига қон қуйилиши натижасида бош суяк қисми очилиб, операция қилинганлиги, ҳозирги вақтда боланинг овқати учун қийналаётганини айтиб, қабулхонага мурожаат қилди. Ушбу масала ҳам жойига чиқиб ўрганилиб, фуқарога боланинг овқати учун 1 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, “Катта Жарариқ” МФЙда яшовчи Заҳро Халилова 5 нафар фарзанди борлиги, ёлғиз боқувчи эканлигини айтиб, 2018 йилда туғилган ўғли Сардор Миртоировни боғчага бериш учун навбатга қўйганлиги, бироқ ҳозирги кунга қадар масала ижобий ҳал этилмасдан келинаётганлиги юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаат ходимларимиз томонидан тезкорлик билан ўрганиб чиқилди ва туман Мактабгача таълим бўлими орқали тумандаги 171-сонли МТТга йўлланма берилиб, фуқаронинг мурожаати тўлиқ қаноатлантирилди.
“Жангоҳ” МФЙ Жангоҳ мавзейсида яшовчи 1996 йилда туғилган Фаёзжон Нарзиев мурожаат қилиб, 25 йилдан буён юқоридаги қаватда яшашлиги, 12-уйнинг 4-йўлагидаги лифт эскириб, носоз ҳолга келганлиги, ушбу йўлакда яшовчи аҳоли орасида кекса ва ногирон фуқаролар борлигини, улар ўзларининг уйларига кириб -чиқишга қийналаётганини, ушбу уйда яшовчи аҳоли ва ўзи номидан яроқлилик муддатини ўтаб бўлган лифт янги замонавий лифтга алмаштириб берилишини билдириб, мурожаат қилган. Ушбу мурожаат ҳам Халқ қабулхонаси масъул ходимлари томонидан тезкорлик билан ўрганиб чиқилди ва туман ҳокимлиги билан биргаликда янги лифт олиб келиниб ўрнатилиб, ушбу уйда яшовчи аҳолининг кўп йиллик муаммоси ижобий ҳал этилди.
Мурожаатларни ҳар томонлама чуқур таҳлил этган ҳолда ўрганишимиз жараёнида шуни кўрамизки, муаммолар дастлабки босқичларда ўз вақтида, жойида ҳал қилинмаган. Фуқаролар мурожаати қаноатлантирилиш ўрнига пайсалга солиниб келинган, шунингдек, раҳбар ходимларнинг масъулиятсизлиги сабабли фуқаролар Халқ қабулхоналарига мурожаат қилмоқда.
Давлат бошқарувининг самарадорлиги давлат хизматида ўтирган шахсларнинг ўзларига юклатилган вазифаларни малакали, виждонан ва холис бажаришига бевосита боғлиқдир. Айрим ҳолатларда баъзи бир маҳаллий даражадаги раҳбар кадрлар ҳали-ҳануз эскича бошқарув усуллари ва ёндашувлардан воз кеча олмаяпти. Бу эса ижро органлари раҳбарлари ишига баҳо беришда Халқ қабулхоналари ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг ўрни ва роли янада оширилишини талаб этмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА