Халқ мард ўғлонларини ҳеч қачон унутмайди
Марҳум уруш ва меҳнат фахрийси Абдуназар ота Турдиевни Сирдарё вилоятида кўпчилик яхши танийди.
У киши Иккинчи жаҳон уруши йиллари яъни 1941 йилдан 1962 йилгача Гулистон туманидаги «Красная заря» ҳозирги «Уч қаҳрамон жамоа хўжалигида раис бўлиб ишлаган.
Абдуназар ота 1943 йилнинг январида Қизил Армиянинг ҳарбий ҳаво ва танк қўшинларини мустаҳкамлашга ўзининг шахсий жамғармасидан 50 минг рубль пул маблағини топширган. Орадан кўп вақт ўтмай шахсан Бош Қўмондон ўртоқ Сталин унга ташаккурнома йўллаган. Ўша пайтлар Сталиндек ҳукумат раҳбаридан бундай нома олиш бахти ҳар кимга ҳам «насиб» қилавермаган. Сирдарёликларнинг ёши улуғ аҳолиси ҳозиргача Абдуназар отани «Сталиндан ташаккурнома олган раис бува» деб эслаб қўяди. Абдуназар ота Турдиевни Мирзачўлни ўзлаштиришдаги,чўлда пахта етиштиришни йўлга қўйиш, Ризамат отадек машҳур боғбонларни жалб қилиб боғлар яратишда, сув келтиришда, вилоятда биринчилардан бўлиб колхозга электр энергияси олиб келишда, йўл қурилишида, ижтимоий объектлар, мактаб, боғча, клуб, шифохона, пахта қабул қилиш пункти, чорвачилик комплекслари, хўжалик аъзоларига уй-жойлар қуриб беришдаги заҳматли меҳнатларини ҳанузгача халқ унутгани йўқ.
Абдуназар ота «Красная заря» жамоа хўжалигига раҳбарлик қилган даврда уч нафар хўжалик аъзолари Музаффар Зокиров, Лолахон Эрбўтаева, ва Абдураҳмон Султоновлар ўша даврдаги собиқ СССРнинг олий мукофоти- Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Ҳозирда уларнинг номига бўлган эҳтиром туфайли хўжалик номи Уч қаҳрамон деб юритилади. Афсонавий раиснинг меҳнатлари ўша даврларда ҳукумат томонидан муносиб тақдирланган. У икки марта СССРнинг ўша пайтдаги олий – Ленин ордени, Ҳурмат белгиси ордени ва кўплаб медаллар, фахрий ёрлиқлар ва ташаккурномалар билан тақдирланган.
Абдуназар ота 1936 йиллар Жониқиз она Турдиева билан турмуш қуриб, 63 йил бирга ибратли умр кечириб, 10 нафар фарзандни тарбиялаб, уларнинг барчасини олий маълумотли келиб, эл хизматига қўйди. Ҳозирги кунда уларнинг зурриётлари невара, чевара, эвараларнинг сони 200 нафардан ошган. Жониқиз она Турдиева ҳам «Қаҳрамон она» унвони соҳибаси бўлиб тарихга муҳрланди. Абдуназар ота 1999 йилнинг 15 февраль куни 82 ёшида вафот этди.
Лекин у кишининг хотираси юртдошлари қалбидан ҳеч қачон ўчмайди. 2017 йилнинг ёзида Абдуназар ота Турдиевнинг фарзандлари, қариндошлари ва юртдошлари унинг 100 ёшлик юбилейини муносиб тарзда нишонлади. Афсонавий раис ҳақида унинг босиб ўтган умр йўллари, фронт ортидаги машаққатли меҳнатлари, фидоийлиги ҳақида ҳикоялар, телекўрсатувлар ва ҳужжатли фильм яратилган.
Шуҳрат Суяров, ЎзА