Ҳалоллик ва адолат — жамият пойдевори
Сардоба туманида коррупциянинг олдини олиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришга қаратилган “Коррупцияга қарши қатъий курашамиз” мавзусида кенг қамровли тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Сардоба туманида коррупциянинг олдини олиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришга қаратилган “Коррупцияга қарши қатъий курашамиз” мавзусида кенг қамровли тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир Сардоба тумани ҳокимлиги, туман Адлия бўлими, Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.



Йиғилишда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат хизматларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда хизмат интизоми ва масъулиятни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, коррупция ҳар қандай жамият тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб, иқтисодий ривожланишга салбий таъсир кўрсатади ҳамда аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини пасайтиради. Шу боис унга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳар бир фуқаронинг умумий вазифаси экани қайд этилди.


Шунингдек, тадбирда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, давлат хизматчилари ўртасида ҳалоллик ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, аҳоли орасида эса коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутасаддилар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мурожаат қилиш тартиби ҳамда коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш механизмлари бўйича тушунтиришлар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар коррупцияга қарши курашишда жамиятнинг барча қатламлари ҳамжиҳат ҳаракат қилиши зарурлигини таъкидладилар.



– Энг муҳими, бугунги тадбирда коррупциянинг олдини олиш, давлат хизматларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада энг муҳим омил — жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтиришдир. Чунки қонун талабларини чуқур англаш ва унга қатъий риоя этиш ҳар қандай салбий ҳолатнинг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигида тизимли иш олиб бориш зарур, – дейди тадбирда иштирок этган Сардоба туман адлия бўлими бошлиғи Илҳом Юнусов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири