Ҳалоллик бор жойда қут-барака бўлади
Қадимдан ота-боболаримиз доимо ҳалоликка интилиб яшашган. Улар ўз болаларига ҳаром луқма едиришдан ор қилишган. Ривоят қилишларича, олис замонларда машҳур уламолардан бири шаҳар бозоридан бир қўй ўғирланганини эшитгач, қўйнинг неча йил умр кўришини аниқлаб, шу вақт мобайнида қўй гўшти ейишдан ўзини тийган экан. Бежизга халқимиз орасида “Ҳалолидан берсин!” жумласи кенг тарқалмаган.
Собиқ иттифоқ даврида қадриятларимиз, миллий анъаналаримизга унчалик эътибор берилмади. Оқибатда айримлар диндан, имону эътиқоддан узоқлашди. Ҳалол билан ҳаромнинг фарқига бормай қолишди. Яхшиямки, мустақиллика эришдик. Энди минг шукрлар бўлсинки, яна ўзлигимизга қайтаяпмиз. Унутилган қадриятларимиз қайтадан тикланаяпти. Болаларимизга нима ҳалол, нима ҳаромлигини уқтираяпмиз.
Ҳозирги пайтда ҳаром ва ноҳаллоликнинг “ёрқин намунаси”, кўплаб мамлакатларнинг “оёғ”ига кишан бўлиб келаётган бир иллат борки, афсуски, ундан бизнинг юртимиз ҳам холи эмас. Бу коррупция – яъни порахўрликдир. Ҳамма жуда яхши билади. Агар порахўрга кимдир пора бермаса, у олмайди Демак, порахўрлик ўз-ўзидан тугайди. Лекин баъзи инсонлар ўз ишларининг тез битишини ўйлаб, қонунни четлаб ўтиб бўлса-да, порага суянади. Ундайларга айрим мамлакатларда кескин чоралар кўрилса, айрим мамлакатларда ҳеч қандай жазо қўлланилмайди. Чунки икки томоннинг сукут сақлаши бундай жиноятларнинг очилмай қолишига сабаб бўлади.
Порахўрликка қўл ураётганлар нақд пулни кўргач, кўзлари ўйнаб, нафсини тия олмай қолади. Кейин бир гап бўлар дейди-ю шайтоннинг ноғорасига ўйнайди. Пулга қандай қўл чўзганини ҳам билмай қолишади. Ўзларини оқлаш учун минг бир баҳоналар ўйлаб топишади. Ҳаллолик бор жойда қут-барака, хотиржамлик бўлишини унутиб қўйишади.
Айни пайтда юртимизда Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган кўплаб чора-тадбирлар, ошкоралик, шаффофлик асосида қилинаётган ишлар коррупцияга қарши курашишда жуда қўл келмоқда. Пора олиб қўлга тушганлар қатъий тарзда жазога тортилмоқда.
Мен ушбу мақолани ёзиш жараёнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари бўлмиш айрим шоир ва адиб дўстларимизга мурожаат қилиб, уларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдим.
Ўктам Мирзаёр, адиб: – Ўзбекистон –Она Ватанимиз. Фарзандлар она ҳақида ёмон гап айтмайдилар, унга нисбатан хиёнат қилмайдилар. Аммо жамиятда, омма орасида шундай муносабатлар борки, айримлар баъзан билиб-билмай, истаб-истамай жиноятга қўл уриш, мансаб вазифасидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш, тамагирлик ҳолатларини содир этиш орқали онасига хиёнат қилиб қўядилар. Бу замон тили билан айтганда, коррупция деб аталади.
Шу жамиятда, киндик қонимиз томган юртда умригузаронлик қилаяпмизми, демак биз бир тан, бир жон бўлишимиз, қўлимиздан келганича унинг тараққиётига хизмат қилишимиз, ҳалол яшашимиз лозимдир.
Давлатимиз раҳбари ҳам ўз чиқишларида адолат ва қонун устиворлиги ҳамда ҳалоллик ҳамма жойда бирдай барқарор бўлиши кераклигини қайта-қайта таъкидлаб келмоқда.
Шоди Отамурод, шоир: – Сўнгги йилларда таълим шаффофлиги учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда. Билими бор ёшлар қалбида “яхши ўқисам, ўқишга кира оламан” деган ишонч мустаҳкам. Ҳар йили ўз билими билан ўқишга кирган ёшларнинг қувончдан боши осмонга етаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бу ниманинг эвазига? Адолат ва шаффофлик ўрнатилаётгани эвазига! Ҳаракати бор фарзандларимизнинг елкаси офтоб кўрди десак, бу асло муболаға эмас. Шуларни айта туриб, неча йиллар давомида “талкашлар”, “бункерлар” дастидан ноҳақлик қурбони бўлиб, ўқишга кира олмай, охир-оқибат Россиянинг совуқ ўрмонларида сарсон-саргардон ишлашига тўғри келган ёшларимизнинг тақдири кўз олдимга келгани ҳам рост.
Пора тараққиёт кушандаси эканлигини шундай пайтлари янада яққолроқ англаймиз. Таълим соҳасида ишларга пора аралашса, ишлар қанчалик орқага кетишини, биз орзу қилган етук, баркамол авлоддан умид ҳам кута олмаслигимизни тушунаяпмиз. Энг муҳими, коррупция деган мудҳиш жиноят ҳукмрон бўлган жойда, таълим-тарбия муҳити қанчалик аянчли тус олишини юракдан англаяпмиз. Фақат билим, ўқиш-ўрганиш билангина мақсадга эришиш мумкинлигини фарзандларимиз онгига ҳам сингдиришимиз керак.
Дилором Исмоилова, шоира: – Ҳалоллик , бировнинг ҳақини емаслик, порахўрлик ҳақида гап кетганда, болалигимда бўлиб ўтган бир воқеа дарров эсимга тушади. Бир куни қаттиқ шамол бўлиб, деворимизга жуда яқин бўлган қўшнимиз ўригининг мевалари ҳовлимизга туша бошлади. Мен коса олиб, уларни теришга тушиб кетдим. Шунда буни кўрган онам: Идиш тўлган бўлса, тезда ўрикларни қўшнимизникига олиб чиқиб бергин. Чунки мевалар уларнинг ҳақи. Сўрамасдан олиб ейиш катта гуноҳ бўлади, буни ҳеч қачон унутмагил дедилар. Онамнинг ушбу сўзлари мен учун бир умрлик сабоқ, дарс бўлди десам, асло янглишмаган бўламан.
Ҳа, ҳалолликда гап кўп. Буни жуда кўпчилик юртдошларимиз жуда яхши билади, яхши тушунади. Улуғ мақсадларимиздан бири ҳам ана шу: оз бўлса ҳам коррупцияга йўл қўймаслик. Фақат ҳалол яшашни йўлга қўйиш. Шу ўринда мазкур мавзуга оид бир шеъримни эътиборингизга ҳавола этсам.
ПОРАХЎР
Уят, андишани қўйган унутиб,
Умрини ўтказар порани кутиб,
Асло кўрмадим дер туяни ютиб,
Бўйнинга олмайди айбин порахўр.
Қанча кўп бўлса ҳам порага тўймас,
Очкўзлик одатин бир зумга қўймас,
Наҳотки, уни ҳеч тузатиб бўлмас?
Тинмай ерга урар қадрин порахўр.
Ахир пора ҳаром, ҳазар қилмасми,
Элнинг нафратини кўзга илмасми?
Бу ишнинг охири войдир, билмасми?
Синайди одамлар сабрин порахўр.
Юртнинг ривожига тўсиқ ғов бўлгай,
Ўз халқига қарши душман, ёв бўлгай,
Бир кун қўлга тушиб, ўлжа – ов бўлгай,
Шунда кимга айтар дардин порахўр?!
Туроб НИЁЗ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир