Ҳакамлик судини нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этади
“Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун шу йилнинг 24 июлидан кучга кирди.
Мамлакатимизда низоларни ҳакамлик судларида ҳал қилиш механизми фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва инвестициявий жозибадорликни оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар ҳакамлик судлари фаолиятининг қонуний асосларини ҳамда улар устидан назорат механизмларини такомиллаштириш, ҳакамлик судларига қўйиладиган талабларни аниқлаштириш зарурлигини кўрсатди.
Қонунга кўра, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари энди ҳакамлик судларини ташкил эта олмайди ҳамда ҳакамлик битимининг тарафи бўлмайди.
Шунингдек, ер билан боғлиқ, бино ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилашга, шунингдек, бюджет тизими бюджетларидан ҳамда юқорида санаб ўтилган тузилмалардан пул маблағларини ундиришга оид низолар ҳакамлик судлари томонидан ҳал этилмайди, бундай масалалар давлат судлари ваколатига ўтказилади.
“Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгаришларга биноан, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини энди фақат нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил эта олади.
Илгари амалда бўлган умумий “юридик шахс” тушунчаси ўрнига аниқ мезон жорий этилди.
Қонунга мувофиқ, ҳакамлик судьялари Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган махсус дастур асосида ўқув курсидан ўтиши ҳамда ўз билими ва касбий малакасини мунтазам равишда ошириб бориши шарт бўлади.
Ҳужжатда белгиланишича, муайян низо юзасидан ҳакамлик судьяси сифатида иштирок этган шахс шу иш бўйича кейинчалик тарафларнинг вакили сифатида қатнаша олмайди. Мазкур норма Фуқаролик процессуал ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларига ҳам тегишли ўзгартиришлар орқали мустаҳкамланди.
Қоидабузарлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 175⁹-модда билан тўлдирилди. Унга кўра:
– ҳакамлик судларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш;
– давлат органлари, ташкилотлари, муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳакамлик битими тарафи бўлиши (жиноят аломатлари бўлмаган тақдирда);
– юқорида кўрсатилган тузилмалар томонидан ҳакамлик суди қарорларининг қонунга хилоф равишда ихтиёрий ижро этилиши каби ҳуқуқбузарликлар учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима белгиланади.
Ушбу ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори ўн бараваридан ўн беш бараваригача оширилади.
Ҳакамлик суди ишида иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахлдор қарор чиқарилган шахслар учун ҳам ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза бериш муддати белгиланди.
Бундай ҳолларда ўттиз кунлик муддат улар қарор қабул қилинганидан хабардор бўлган кундан ҳисобланади. Мазкур норма Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларига ҳам тегишли равишда киритилди. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур қонун ҳакамлик судлари тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, малакали ҳакамлик судьялари корпусини шакллантиришга хизмат қилади.
Ўткир Мамадалиев,
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди раиси.
ЎзА