Ҳафталик янги изланишларга туртки бермоқда
Пойтахтимизда ўтказилаётган маданий мерос ҳафталиги қизиқарли маърифий тадбирлар, олимлар, ижодкорлар , ёш тадқиқотчиларнинг мулоқотларига, тақдимотларга бой бўлмоқда.
Ҳафталик янги-янги изланиш ва ғоялар юзага келишига сабаб бўлиши, шубҳасиз. Бу жиҳатлар тадбир иштирокчиларининг фикрларида ҳам яққол сезилмоқда.
Ирина Попова, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори:
– "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳасини биз ўзбек лойиҳаси деб атаймиз. Бу заминда қадимда истиқомат этган халқлар ҳаётига оид тўплам нашр этганмиз. Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти юзлаб олимлар, талқиқотчиларни ўз атрофига бирлаштиргани эътиборга молик. Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллат маърифати ҳақида қайғуриши, маънавиятга эътибор қаратиши шарқона донишмандликдан илдиз олган, десак янглишмаймиз.
Ҳалит Эрен, Ислом тарихи, маданияти ва санъатини ўрганиш маркази -- IRCICA бош директори:
-- Биз Ўзбекистондаги тарихий мерос, этнографика, меъморчилик, адабиёт, нафис санъат, ҳунармандчилик, маданиятни ўрганиш, бу жараёнлардаги изланишлар билан танишишдек ажойиб имкониятга эга бўлдик. Дунёда "Шарқ ренессанси" тушунчасига ўзбек заминида етишиб чиққан алломалар томонидан асос солинган. Бугун янгиланиш, уйғонишга хос, ренессансга хос жараён Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларда ўз аксини топмоқда. Бу ўзгаришлар олимларни янги изланишлар сари илҳомлантиради, тадқиқотларга рағбат беради. Ўзбекистон IRCICAнинг дастурларида доим фаол иштирок этади. Бу юртда қўлёзмаларни ўрганиш, миллий ҳунармандчилик мактабларини ривожлантириш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Янги Ўзбекистонда жамият ҳам янгиланиб бормоқда.Ўзбекистон халқининг миллий мероси инсоният мулкининг ажралмас қисмидир. Маданий мерос муҳофазасига оид қатор ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга бу борада галдаги амалга ошириладиган вазифалар бисёр эканини даврнинг ўзи кўрсатмоқда.
Сергей Лаптев, Япониядаги "Михо" музейининг махсус ходими:
-- Мамлакат раҳбарининг маданий меросни асрашга оид ташаббуслари ўзининг амалий натижасини кўрсатмоқда. "Правда Востока" газетасидаги мақоласида академик Акмал Саидов янги Ўзбекистоннинг тарихий тараққиётини муфассал очиб бергани мени ҳайратлантирди. Бу замин дунёга Хоразмий, Беруний, Форобий, Соҳибқирон Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурларни берди. Мазкур конгрессга Ўзбекистон тарихига бефарқ бўлмаган олимлар жамлангани эътиборга молик. Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти янги ренессансга ҳисса қўшишни мақсад қилган. Бу Ўзбекистоннинг янги, чексиз имкониятлари салоҳиятини очиб беради. Биз конгресс иштирокчиларининг Ўзбекистон Президентига мурожаатини қўллаб-қувватлаймиз.
Александр Вильгельм, Австриядаги Muller&Schindler нашриёти вакили:
-- Ўзбекистон алломаларининг мероси ҳамон дунё эътиборида. Биз конгрессда "Ўзбекистоннинг 114 Қуръони" лойиҳасини таништирдик. Лойиҳа дунёнинг турли мамлакатларидаги музей ва кутубхоналардаги муқаддас китобнинг Ўзбекистон маданиятига оид 114та турли нусхаларини ўрганиш имконини берди.Тадқиқотлар натижасида алоҳида тўплам нашр этилиши кўзда тутиляпти.
Дарҳақиқат, Тошкентда бўлиб ўтаётган маданий мерос ҳафталиги янги-янги изланишларга замин яратади.
Н.Усмонова, ЎзА