Ғузорда ёшларга иш эмас, имконият берилмоқда
Бугун иш излаётган ёш учун энг муҳими ҳукумат томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш. Кимдир дипломи билан меҳнат бозорига қадам қўяди, яна кимдир қўлидаги ҳунарини даромад манбаига айлантиради. Яна бир ёш учун эса бир гектар ернинг ўзи янги тадбиркорлик йўлини бошлаб бериши мумкин. Қашқадарё вилояти Ғузор туманида ўтказилган меҳнат ярмаркаси ва тумандаги Зарбдор маҳалласида ташкил этилган амалий семинар ана шундай имкониятларнинг амалда қандай натижа бераётганини намойиш этди.
Меҳнат ярмаркасида тумандаги битирувчи ҳамда миграциядан қайтган, иш излаётган ёшлар учун 250 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мингдан зиёд бўш иш ўринлари таклиф этилди. Унда 1 минг 500 нафардан ортиқ ёшлар ва аҳоли вакиллари иштирок этди.
Бу ерга келганларнинг ҳар бири турли ният билан қадам қўйган. Кимдир биринчи марта ўз мутахассислиги бўйича иш излаётган бўлса, кимдир узоқ вақтлик ишсизликдан сўнг меҳнат фаолиятини бошлаш имкониятини қидирди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетини шу йил тамомлаган Арслонбек Сайдуллаев ҳам ярмаркага ана шу мақсадда келди.
– Бўш иш ўринлари билан танишиб, ўзимга муносиб иш топдим. Миллий банкнинг туман бўлимига ишга жойлашдим. Ўзим хоҳлаган ишга кирганимдан жуда хурсандман. Энди бу ерда ишлаб, ҳаётда ўз ўрнимни топишга ҳаракат қиламан, – дейди у.
Пахтазор маҳалласида яшовчи Олмагул Маматова учун эса бу кун оилавий даромадни кўпайтириш имконини берди. Икки нафар фарзандини тарбиялаш билан банд бўлгани боис шу вақтга қадар ишламаган Олмагул бир неча жойга мурожаат қилган, аммо муносиб иш топа олмаган.
Меҳнат ярмаркасида эса унинг изланиши натижа берди. У 1-сонли техникумга ишга жойлашди.
– Энди рўзғоримга қўшимча даромад топиш имконим бор. Бундан жуда хурсандман, – дейди у.
Ярмарка доирасида 175 нафар фуқаронинг доимий иш билан таъминлангани ҳам меҳнат бозорида аниқ натижага эришилаётганини кўрсатади. Шунингдек, ёшлар билан “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқоти ўтказилиб, уларни қийнаётган масалалар эшитилди, айрим муаммолар жойида ҳал этилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлганларга имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича ҳам амалий чоралар кўрилди.
Аммо иш билан таъминлашнинг йўли фақат тайёр иш ўрнидан иборат эмас. Буни Зарбдор маҳалласидаги тажриба яққол кўрсатиб турибди.
Маҳаллада 25 гектар ер майдони 25 нафар ишсиз ёшга ажратилган. Улар бу ерда беда етиштириб, майда шохли моллар боқиш орқали даромад топмоқда.
Бир қарашда оддий қишлоқ хўжалиги юмушидек туюлган бу иш ортида аслида ёшларнинг мустақил даромад манбаига эга бўлиш истаги, меҳнати ва тадбиркорликка интилиши мужассам.
Раҳмон Нормаматов ҳам ана шу имкониятдан фойдаланаётган ёшлардан бири. Унга маҳалла ёшлар етакчисининг тавсияси асосида бир гектар ер ажратилган. Энди бу ерда беда етиштириб, қўй боқмоқда.
– Бошида 3-4 бош қўйим бор эди. Ҳозир 15 тага етди. Ем-хашакни ўзим етиштирганим учун харажатни камайтириш имкони бор. Энди қўйлар сонини 60-70 тага етказиб, даромадимни янада ошириш ниятидаман, – дейди у.
Унинг режаси оддий, аммо аниқ: ердан ем-хашак олиш, чорвани кўпайтириш, маҳсулотни сотиш ва шу орқали ўз хўжалигини кенгайтириш.
Маҳалладаги яна бир ёш тадбиркорнинг ҳисоб-китоблари эса бу ишнинг иқтисодий томонини кўрсатиб беради. Унинг айтишича, 3 миллион сўм атрофида олинган қўйларни 6 миллион сўмгача сотиш имкони бор. Беда етиштириш ҳам қўшимча даромад келтиради. Унинг ҳисоб-китобига кўра, чорва ва ем-хашак харажатлари ҳисобга олинганда, уч ойда 33 миллион сўмгача соф фойда олиш мумкин.
Албатта, бу рақамлар ҳар бир хўжаликда бир хил бўлмаслиги табиий. Чорва сони, ем-хашак, бозор нархи ва бошқа харажатлар натижага таъсир қилади. Бироқ энг муҳими кечагина ишсиз бўлган ёш бугун ўз меҳнати билан даромад топиш имконига эга.
Маҳаллада чорва парвариши учун замонавий қўйхоналардан фойдаланилаётгани ҳам ишнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Айрим ёшларнинг бу йўналишдаги бугунги ойлик даромади 100 миллион сўмдан ошмоқда.
Ёшлар бандлигини таъминлашда ер ва чорвачилик билан бир қаторда техникадан унумли фойдаланиш имконияти ҳам яратилмоқда.
Амалий семинар давомида маҳалла ёшлар етакчилари тавсияси асосида имтиёзли кредит ҳисобидан 4 та трактор топширилди.
“Совбоғ” МФЙ Химчин қишлоғида яшовчи Дилшод Расулов ана шундай трактор олган ёшлардан бири. У техникага қизиқиши ва ер ишларини яхши билишини даромад манбаига айлантиришни режалаштирган.
– Ер ҳайдаш, одамларнинг томорқаси ва деҳқон хўжаликлари ерларини шудгорлаш орқали даромад топаман. Тракторни айнан шу мақсадда олдим. Энди ўзим учун ҳам, бошқалар учун ҳам меҳнат қиладиган техникага эга бўлдим, – дейди у.
Бу ерда техника фақат бир ёшнинг эмас, балки унинг хизматидан фойдаланадиган ўнлаб хўжаликларнинг ишини енгиллаштириши мумкин. Яъни битта трактор ортида бир вақтнинг ўзида бир нечта даромад занжири пайдо бўлади.
Зарбдордаги имкониятлар фақат қишлоқ хўжалиги билан чекланмади. Миграциядан қайтган ёшларни касбга жалб этиш, уларнинг қўлидаги ҳунарини даромад манбаига айлантириши учун ҳам шароит яратилмоқда.
Бобомурод Мойлиев яқинда миграциядан қайтди. У энди хорижда эмас, ўз маҳалласида меҳнат қилиб даромад топишни мақсад қилган. Маҳалла ёшлар етакчисига мурожаат қилгач, ҳомийлик маблағлари асосида унга пайвандлаш ускуналари олиб берилди.
– Металлдан дарвоза, эшик ромлари, панжаралар ясайман. Энди бу ишни кенгайтириб, даромадимни ошириш ниятидаман. Яратилган имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан, – дейди у.
Шу куни яна 15 нафар ёшга пайвандлаш аппаратлари жамланмаси топширилди. Демак, улар учун энди иш қидиришдан кўра, ишнинг ўзига буюртма излаш даври бошланади.
Шунингдек, 23 нафар ёшга PQ-153-сонли қарор асосида бир гектардан ер майдони учун ваучерлар топширилди.
Бу рақамлар ортида эса оддий статистика эмас, ўз келажагини мустақил қуришга ҳаракат қилаётган ёшлар турибди.
Зарбдордаги бир гектар ер майдони, берилган трактор ёки пайвандлаш аппаратининг қиймати фақат бугунги ёрдам билан ўлчанмайди. Уларнинг ҳақиқий қиймати ёшнинг эртага қанча даромад топиши, ўз ишини қанчалик кенгайтириши ва яна қанча кишига иш ўрни яратиши билан намоён бўлади.
Шу маънода, Ғузордаги меҳнат ярмаркаси ва амалий семинарни бир кунлик тадбир, деб баҳолаш қийин. Бу ерда ёшга тайёр иш ўрнини кўрсатиш билан бирга, унинг ўз ишини бошлаши учун ер, техника ва ҳунар зарур воситага айлантирилмоқда.
Кечагина иш излаб турган ёшнинг бугун бир гектар ери, бир неча бош чорваси, трактори ёки пайвандлаш аппарати бор. Энг муҳими, унинг қўлида меҳнат қилиш, даромад топиш ва келажагини ўз меҳнати билан қуриш имконияти пайдо бўлмоқда.
Зарбдордаги бугунги манзара эса бир ҳақиқатни кўрсатади: ёшларга имконият берилса, ер ҳам, техника ҳам, ҳунар ҳам оддий воситадан тараққиёт ва фаровонлик манбаига айланиши мумкин.
[gallery-31514]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари