Гутерриш: Сурияни тиклаш учун санкцияларни енгиллаштириш етарли эмас
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Сурияга қилган ташрифидан сўнг, халқаро ҳамжамиятни ушбу мамлакатга нисбатан жорий этилган барча халқаро чеклов ва санкцияларни тезкорлик билан олиб ташлашга чақирди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва айрим Ғарб давлатлари томонидан санкцияларнинг енгиллаштирилиши Сурия иқтисодиётини оёққа турғазиш учун етарли эмас. Мамлакатни қайта тиклаш, инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилмани янгилаш ва қочқинларнинг хавфсиз қайтишини таъминлаш учун кенг кўламли халқаро кўмак зарурлиги таъкидланди.
БМТ тақдим этган маълумотларга кўра, Башар Асад режими ағдарилганидан буён 1,7 миллиондан ортиқ суриялик ўз юртига қайтган. Шунга қарамай, 5,5 миллионга яқин киши мамлакат ичида бошпанасиз мақомида қолмоқда, яна 6 миллионга яқин фуқаро эса хорижда истиқомат қилмоқда.
Ташриф чоғида Гутерриш Исроилнинг Сурия жанубидаги ҳарбий ҳаракатларига ҳам тўхталиб, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги асло бузилмаслиги лозимлигини таъкидлади ва Жўлон тепаликлари айнан Сурияга тегишли эканини яна бир бор эслатиб ўтди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА