Гутерриш: АҚШ, Исроил ва Эрон можарога чек қўйиши керак
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш АҚШ ва Исроилни Эронга ҳужумларини тўхтатишга, Теҳронни эса можарода иштирок этмайдиган қўшни давлатларга зарба бермасликка чақирди.
– Қўшма Штатлар ва Исроилга менинг хабарим шуки, зиддиятни тугатиш вақти келди, чунки одамларнинг азоб-уқубатлари кучайиб, аҳоли орасида қурбонлар кўпаймоқда, - деди у журналистларга берган интервьюсида. – Эронга эса менинг хабарим – низода иштирок этмайдиган ўлкаларга ҳужум қилишни тўхтатишдир.
Гутерриш шунингдек, можаро туфайли Ҳурмуз бўғозида тижорат юк ташишларининг тўхтатилиши глобал нефть ва ўғит ташишга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз: АҚШ ва Исроил жорий йил 28 февраль куни Эрондаги нишонларга зарба беришни бошлади. Бунга жавобан Теҳрон Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий иншоотларига зарбалар беришда давом этмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА