Гуманитар йўлак очиш зарурати бор
“The Times of Israel” нашри маълумотига кўра, ХАМАС ҳужуми натижасида мингдан зиёд исроиллик, жумладан 123 ҳарбий хизматчи ўлдирилган, 3 400 киши яраланган.
Фаластинлик қурбонлар сони 840 дан зиёд, яраланганлар 4 200 га етган.
БМТ Ғазо секторида уйини тарк этганлар 137 мингдан ошганини маълум қилди.
Исроил Ғазодаги 250 дан кўп объектни ўққа тутган. ХАМАСнинг жанговар қаноти – “Изиддин Ал-Қассама бригадаси” гуруҳи Тель-Авив, Бен-Гурион аэропорти, Герцлия, Беэр-Шева ва Ашкелон шаҳарларини бомбалаган.

ХАМАС сиёсий бюроси аъзоси Исмоил Хания жанговар ҳаракат давом этар экан, гаровга олинган исроилликлар тақдири бўйича ҳеч қандай музокара олиб борилмайди, деб баёнот берди.
Еврокенгаш раиси Шарль Мишель БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан телефон орқали суҳбатида Фаластинга ёрдам бериш зарурлигини айтган. Кўмак тўхталиши ташаббуси Франция ва Испаниядан чиққан эди.
Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазога “гуманитар йўлак” очишга чақирди.
Буюк Британия, Германия, Италия, АҚШ ва Франция ўзаро телефон мулоқотида ХАМАСнинг амалини қоралаб, Исроилни тўла қўллашга келишиб олдилар.
Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳиён фикрича, ХАМАС операцияси Исроилнинг “жиноий ҳаракатлари”га жавобдир. Унинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Таха билан телефон орқали суҳбатида барча ислом мамлакатлари Фаластин халқига ёрдам беришга даъват қилинган.
Халқаро Инсон ҳуқуқлари ташкилоти “Human Rights Watch” ХАМАСни ҳам, Исроилни ҳам авиа бомбалари ва Ғазодаги чоралари учун ҳарбий жиноятда айблади.
АҚШ Президенти Жо Байден “Биз Исроилни қўллаб-қувватлаймиз, фуқаролар ҳимояси ва жавоб ҳужуми учун барча ёрдамни берамиз”, деди. Қўшма Штатлар зарур бўлган тақдирда Яқин Шарққа ҳарбий куч ташлаши мумкинлиги қўшимча қилинган.
Жаҳон банки президенти Ажай Банга “Reuters” агентлигига интервьюсида айтишича, ХАМАС –Исроил можароси навбатдаги иқтисодий инқироз ва гуманитар фожиани келтириб чиқаради.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 11-12 октябрь кунлари Исроилга боради.
АҚШ ва Исроил ҳукуматлари ХАМАС ҳужум уюштириши тўғрисида маълумотга эга бўлмаган, деди Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан.
ЕИ бир неча ўн йилдан бери фаластинликларнинг озиқ-овқат, ижтимоий ва таълим дастурлари, тиббий хизмат кўрсатиш хизмати харажатини қоплаб келмоқда. БМТ ҳисоботига кўра, Ғазо секторидаги 2,1 миллион аҳолидан тахминан 1,5 миллиони гуманитар ёрдамга муҳтож. ЕИ гуманитар ёрдамни ҳукуматга эмас, жойларда лойиҳалар амалга ошираётган шерикларига – халқаро гуманитар, БМТ тизимидаги ва ноҳукумат ташкилотларга тақсимлаб беради. Еврокомиссия айни мақсадда 2023 йил учун жами 27,9 миллион евро ажратган.
Барча фаластинликлар террорчи эмас, ХАМАСнинг Исроилга ҳужуми учун ҳаммани жазолаш “адолатдан бўлмайди”. ЕИ ташқи ишлар ва сиёсий хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррель шундай баёнот берган.
Аброр Хон, ЎзА