Гулистонлик шифокорлар Қонликўлда
Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл туманида сирдарёлик шифокорлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 98 ёшли Ўразбай ота Наметуллаев хонадонида бўлиб, уни тиббий кўрикдан ўтказди.
– Сирдарёдан келганимизни айтганимизда отахон кўзига ёш олиб, дуо қилди, – дейди Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Юсуф Мирхонов. – Суҳбат давомида отахон уруш пайтида бошидан ўтказган оғир кунлар ҳақида гапириб берди. Отахон 1942 йилда фронтга жўнатилгандан сўнг Украинанинг Донецк ва Харьков вилоятларини фашистлардан озод қилишда иштирок этган. 1942-1945 йилларда Молдова, Руминия, Венгрия, Австрия давлатларини озод қилишда қатнашган, 1947 йилда қишлоғига қайтиб, нафақагача ўқитувчи бўлиб ишлаган. Бугунги дориломон кунларда отахон каби фахрийлар эъзозланмоқда. Тиббий кўриклар ташкил этилиб, иқтисодий қўллаб-қувватланаётир. Буларнинг барчаси халқимизга хос азалий қадриятлар, анъаналарнинг намоён бўлишидир.
Ш.Суяров, ЎзА