Гулистон тиббиёт кластери фаолияти ўрганилди
Бундан бир неча йил муқаддам Президентимизнинг топшириғига асосан Сирдарё вилоят шифохонаси ўрнида бир нечта вилоят тиббиёт муассасаларини бир жойга жамлаган, ягона бошқарув асосида фаолият кўрсатадиган Гулистон тиббиёт кластери фаолияти йўлга қўйилганди.
Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев ва у бошчилигидаги масъуллар мазкур муассасада бўлиб, беморларга яратилган шарт-шароит, иссиқлик тизими, қурилиш ишлари билан танишди.
Ўтган 2021-2022 йиллар мобайнида мазкур муассасада лойиҳа доирасида қарийб 18 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиб, эндокринология, нефрология ва гемодиализ ва бошқа бўлимлар фаолияти йўлга қўйилган. 2023-2025 йилларда эса тиббиёт кластерининг 300 қатновга мўлжалланган диагностика, маслаҳат поликлиникаси, юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўтказишга мўлжалланган хирургия бўлими биносини қуриш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун давлат бюджетидан қарийб 75 миллиард сўм йўналтирилади.

Вилоят ҳокими янги қурилиш ишлари билан ҳам танишиб, соҳа ходимларига ва масъулларга кластер тизимидаги мавжуд муаммоларни тезда ечиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини кенгайтириш, қурувчиларга эса қурилиш сифатига жиддий эътибор қаратиб, иш суръатини ошириш тўғрисида кўрсатма ва топшириқлар берди.
Ш. Суяров,
ЎзА