Мамлакатимизда давом этаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида миллий маданий марказларнинг самарали фаолияти учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратилаётгани алоҳида эътироф этилмоқда.
Республика туркман миллий маданий маркази раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулдона Авездурдиева бу борада қуйидагиларни гапириб берди:
– Республика туркман маданий маркази ҳамда 200 мингдан ортиқ туркман миллатига мансуб фуқаролар барча ватандошларимиз каби Бош қомусимизда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатлардан кенг фойдаланиб, шу табаррук диёр тараққиёти йўлида меҳнат қилиб, тинчлик ва хотиржамликда истиқомат қилиб келмоқда.
Бугунги кунда турли миллатларнинг урф-одатлари, анъана ва қадриятлари, тиллари бир-бирига ўхшаш, айримлари бир-биридан фарқланиши мумкин. Лекин Ўзбекистонда яшаб келаётган биз – турли миллат ва элат вакилларининг мақсадимиз бир – тинч, осойишта, хотиржам, ўзаро тотув, аҳил бўлиб яшаш.
Мамлакатимиздаги турли миллат вакиллари эмин-эркин истиқомат қилиб, ўз орзу-ниятларини шу заминда яшаётган барча одамлар билан, шу азиз Ватан билан вобаста кўрмоқда. Юртимизда турли миллат ва диний конфессия вакилларининг ўзаро аҳиллик ва бағрикенглик муҳитида истиқомат қилиши бошқа давлатлар учун ҳам намуна бўлишга арзийди.
Ўзбекистонда турли миллат ва элатларнинг анъана ва қадриятлари, тили, урф-одатлари асраб қолиниши учун барча шароитлар яратилган. Бу имкониятлар миллий маданий марказлар фаолиятида яққолроқ намоён бўлади. Ушбу марказларнинг иши давлатимиз томонидан тўлиқ моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.
Биз хорижий давлатлардаги конференция ва йирик тадбирларда қатнашганимизда маърузамизни, чиқишларимизни диққат билан тинглаб, Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масалаларига кўпчилик ҳавас билан муносабатда бўлади. Биз билан имкон қадар кўпроқ суҳбатлашишга интилади. Эзгу ташаббусларни юксак эътироф этадилар. Буларнинг бари Ватанимиз – Ўзбекистонда инсон қадри, шаънини улуғлаш, барча миллат ва элат, диний конфессиялар вакилларига ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш борасида олиб борилаётган одилона сиёсатнинг амалий натижаси.
Н.Усмонова, ЎзА