Гулчилик ортидан даромад ва фаровонлик
Оилалардаги фаровонлик, соғлом муҳит, бугунги кундан розилик кайфияти бевосита маҳаллалар ободлиги ва ривожига боғлиқ. Бунда ҳар бир оиланинг бандлиги ҳамда даромад манбаига эга бўлиши тараққиёт ва турмуш тарзи барқарорлигига замин яратади.
Бу борада Наманганда вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан шаҳар, туман ҳокимликлари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури барқарор бандликни таъминлаш, юқори даромад олиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда муайян натижалар омили бўлмоқда.


Наманган туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жами 558 хонадондаги 1010 оилалар 3 минг 675 аҳоли истиқомат қилиб, жорий йил аввалига кўра, иқтисодий фаол аҳоли сони 2 минг 110, шундан 1 минг 620 нафарининг бандлиги таъминланган. Бунинг натижасида камбағал оилалар 22 та ва ишсизлар сони 22 нафарни ташкил этмоқда.


Эътироф этиш жоиз, гуллар диёри Наманганда гўзаллик ва нафосат, қадрият ва муҳаббат, эҳтиром рамзи саналган гулларга алоҳида меҳр қўйилган. Айниқса, ҳар йили анъанавий равишда ўтказилиб келинадиган Халқаро гуллар фестивали миллионлаб нафосат шайдоларини ўзига ром этмоқда.
Кейинги йилларда вилоятда гулчиликни саноат даражасига олиб чиқиш борасида кенг кўламли амалий ишлар қилинмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2021 йил 4 августдаги “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори тармоқ ривожида янги бурилиш ясади.


Наманган туманининг гулчилик “драйвер”га айланган ҳудуди Наврўз маҳалласида 52 фоиз хонадон гулчиликка ихтисослашган бўлиб, ҳар бир хонадоннинг йиллик даромади ўртача 120-130 миллион сўмни ташкил этади. Эътиборлиси шундаки, бундан уч йил аввал истиқболли навларни кўпайтириш, хориждан келтирилган кўчатларни маҳаллийлаштириш орқали янги навлар яратишга йўналтириш мақсадида “Гулчилик кластери” ташкил этилди.
“Ҳусанбой фирдавс гуллари кластери” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Ойбек Нуриддинов томонидан 70 сотих ер майдонида 6,8 миллиард сўм маблағ ҳисобига барпо қилинган ушбу кластер мажмуада гул дўкони ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилади. Бу эса хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш билан бир қаторда, ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлашга замин яратади.


Қолаверса, иссиқхоналарда меҳр билан парваришланаётган декоратив гуллар кўча ва хиёбонларни ободонлаштиришда қулай ва самарали усул эканлигини таъкидлаш жоиз. Аҳоли хонадонларида гуллар парвариши билан бир қаторда янги гул уруғларини ҳам етиштириш йўлга қўйилган. Муҳими, гулчилик кластерининг ўзида йигирма киши, кооперация асосида эса уч юздан зиёд кишининг бандлиги таъминланмоқда.
– Инсон руҳиятида нозик қирралар кўп бўлади. Жумладан гўзалликка, нафосатга бўлган туйғу алоҳида ажралиб туради. Айниқса, гул парваришига, унга бўлган меҳр қалбан шаклланган бўлса, у инсонда ҳаётга қувонч билан боқиш ҳам шаклланган бўлади. Маҳалламизнинг ҳар бир хонадонида нафосат ва гўзаллик ифоридан баҳраманд бўлиш мумкин. Бизнинг “Гулбаҳор” кўчасида жойлашган ҳовлимизда етти киши гулчилик билан шуғулланади. Бундан ташқари чорвачиликка ҳам қизиқиб, қўй ҳам боқамиз. Кластер билан келишувга асосан уйимиздаги иссиқхонада етиштирилган турфа гул навларини ўз вақтида етказиб берамиз. Йил давомида 130 миллион сўмгача соф даромад топган бўлсак, шундан 60 миллион сўми гулчиликни орқасидан, – дейди ҳаваскор гулчи Нуриддин Низомов.
Тадбиркор гулчи Ойбек Нуриддиновнинг қайд этишича, кластер кооперация асосида иш олиб бораётган хонадон аъзоларини гулчилик борасидаги кўникмалари маҳалла гузаридаги ўқув марказида шакллантириб борилади. Нафақат Наврўз, балки қўшни Норин ва Учқўрғон туманларидаги маҳаллаларда ҳам гулчиликка қизиққан фуқаролар ишга жалб этилган. Илгарилари фақат ёзги мавсумда ишланган, шароитлар ҳаминқадар бўлганди.Эндиликда эса гулчиларга бўлган эътибор ва имкониятлар туфайли қаҳратон қиш фаслида ҳам хонадонлар гулларга бурканмоқда. Бу ерда гул навларини кўпайтириш устида инновацион ёндашув асосида иш ташкил этилмоқда. Хусусан, хориждан олиб келинган ноёб гул кўчатлари маҳаллийлаштирилади. Бунинг натижаси, ўн йилча олдин қиммат нархларда сотилган гул турлари эндиликда аҳолига арзон нархларда етказилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.