Грузия парламенти вакиллари билан учрашув ўтказилди
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференция доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов Грузия Парламенти депутатлари Леван Мачавариа ва Ираклий Мезурнишвилилар билан учрашди. Унда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дўстона ва стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ҳамда уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида сўнгги йилларда олий даражадаги мулоқотлар фаоллашиб, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси билан икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил июль ойида Грузияга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларида янги саҳифа очгани эътироф этилди.
А.Ҳаитов меҳмон томонига “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берди.
Ўз навбатида, Грузия Парламенти депутатлари охирги ўн йилликда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, мавжуд транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни илгари суриш учун кенг имкониятлар борлиги алоҳида таъкидланди. Ушбу йўналишлардаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва эришилган келишувларни амалий мазмун билан бойитишда парламентлараро алоқалар муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Учрашувда парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, партиялараро ҳамкорликни янги ғоя ва амалий ташаббуслар билан бойитиш муҳимлиги таъкидланиб, ЎзЛиДеП ва “Грузин орзуси” партияси ўртасида мунтазам мулоқот ўрнатиш, ҳамкорлик меморандумини тайёрлаш, қўшма давра суҳбатлари ва бизнес-форумлар ўтказиш таклиф этилди.
М.Комилова,
ЎзА