“Green Garden Bukhara” фермер хўжалигида семинар
Бухоро тумани “Green Garden Bukhara” фермер хўжалиги дала майдонида ғалла етиштириш жараёнида ҳосилдорликни оширишга қаратилган кўргазмали амалий семинари ташкил этилди. Тадбирда ғаллани озиқлантириш ҳамда “шўр ювиш” бўйича илғор агротехник усуллар амалда намойиш қилинди.
Туманда жами 273 та пахта-ғаллачилик фермер хўжаликлари томонидан 5 462 гектар, шундан, 112 та чорвачилик хўжаликлари томонидан 955 гектар майдонда ғалла етиштириш амалга оширилди. Бухоро вилоят ғаллачилик кластерлари томонидан якунига етган деҳқончилик йилида бошоқли дон етиштириш учун 14 миллиард сўмдан ошиқ имтиёзли кредит маблағи ажратилган.

Кўргазмали семинарда агрономлар, мутахассислар, сувчи механизаторларга айни қишки агротехник тадбирлар, ер унумдорлигини ошириш, сувдан самарали фойдаланиш, шўрланиш даражасини пасайтириш ва минерал ўғитларни тўғри қўллаш бўйича тавсиялар берилди.
Тадбирда дала шароитида амалий машғулотлар ўтказилиб, 8 минг гектардан ошиқ экин ерида “шўр ювиш”нинг босқичлари, ғаллани озуқа моддалар билан таъминлашда ўғитлашнинг оптимал меъёр ва муддатлари кўрсатиб берилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу ишларни сифатли ташкил этиш келгусида юқори ва барқарор ҳосил олишнинг муҳим омили ҳисобланади. Семинарда иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, фермер хўжаликларида самарадорликни ошириш юзасидан кечиктириб бўлмас агротехник тадбирларни белгилади.
Зариф Комилов. ЎзА мухбири.